Новосибирск бозорида ўзбек савдогари отилди

Новосибирскдаги Хилокский бозорида кўплаб ўзбекистонликлар ишлайди

Новосибирскнинг Ленин туманида мева сотаётган андижонлик Ғайрат исмли савдогарни мева нархини арзонлаштиришга рози бўлмагани учун маҳаллий харидор ов милтиғи билан отди.

Воқеага гувоҳ бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига кўра, воқеа 26 декабр куни шаҳарнинг Ленин тумани Хилоксий кўчасида содир бўлган.

Новосибирск Ички ишлар бўлими тарқатган хабарга кўра, 20 ёшли маҳаллий фуқаро 41 ёшли ўзбекистонлик савдогардан 1,5 минг рубллик мева ва ёнғоқни арзонроқ беришни сўраган.

Полиция маълумотига кўра, ўзбек савдогари белгилаган нархдан қониқмаган харидор машинасидан “Сайга” русумидаги ов милтиғини олиб келиб, савдогарнинг бошига отган.

Ўзбек савдогари 41 ёшли Ғайрат ака шифохонага ётқизилган.

Ўша куннинг ўзида маҳаллий полиция шаҳарнинг Ленин туманида яшовчи 20 ёшли йигитни ҳибсга олган.