30 декабр куни Озодликка сим қоққан ўзбекистонликлар билан ана шу савол атрофида суҳбат бўлди.
"Эркин микрофон" доирасида бугун ўтказганимиз икки суҳбат бир қарашда ҳеч нарса ҳақида.
Хоразмлик 24 яшар Нодира сайтимизга кириб, мақолаларни ўқибдию телефон рақамларимизни кўриб қолиб, "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилибди.
Иккинчи суҳбатдошимиз ҳам Хоразмдан, вилоятнинг Гурлан туманидан. 21 га кирган Қудрат шу кунда Россияда – Волгоград вилоятининг бепоён далаларидаги бир объектда қоровуллик қилмоқда.
Нодира Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш билан банд.
Қудрат эса, бийдай далада ёппа-ёлғиз. Айтишича, 31 декабр оқшомида ҳам у ўз қоровулхонасида ёлғиз қолади. Биргина овунчоғи – эскигина радио. Ундан Қудрат Озодликни тинглайди.
Нодирани ҳам, Қудратни ҳам суҳбатга тортдик – улар билан шунчаки Янги йил олди гурунги қилдик.
Лекин бу “шунчаки гурунг”лар бир қарашдагина “шунчаки”дир.
Аслида эса, гурунглар замирида ўзбек жамияти Эски йил билан хайрлашаётган, Янгисини кутиб олаётган шу кунларда ўйлаб қўйиши керак бўлган гаплар бор.
“Дугонамни қўрқитишганидан сўнг ҳижобдан воз кечганман”
Озодлик: Нодира, Янги йилни қандай кутаяпсиз, қандай кутмоқчисиз?
- Оиламиз даврасида тинчлик хотиржамликда.
Озодлик: Ўзи умуман сизларнинг оила учун Янги йил байрамми¸ байрам эмасми?
- Байрам¸ албатта.
Озодлик: Катта байрамми ë каттадан кичикроғими?
- Мен учун энг каттаси. Лекин оиламдаги бувижон қариялар учун унчалик эмас. Бир йилимиз ўтиб кетди, дейишади.
Озодлик: Арча ҳам ясатасизларми?
- Албатта¸ ясатамиз.
Озодлик: Ҳозир уйингларда арча ясатилганми?
- Албатта.
Озодлик: Бу Тошкентдаги оилами?
- Йўқ, Хоразмдаги оила.
Озодлик: Хоразмданмисиз сиз?
- Ҳа.
Озодлик: Янги йилни арча ясатиб кутиб олаëтган 24 ëшга кирган Нодира нима иш қилади? Ишлайдими ўқийдими?
- Сир бўла қолсин.
Озодлик: Озодликнинг сайтига тез-тез кириб турасизми?
- Йўқ, бугун кириб қолдим.
Озодлик: Сайтимиз бемалол очилаяптими?
- Ҳа, очилаяпти.
Озодлик: Қайси мақолани ўқидингиз бугун кириб?
- Бугун муслима қизларнинг ҳижобга кирганларни 24 соатга қамаб қўйишаркан дейди, ўшани ўқидим.(Мақолада рўмолини ечмаган қизларнинг ота-онасига берилаëтган огоҳлантирув - 15 суткалик қамоқ жазоси ҳақида сўз боради - таҳр.)
Озодлик: Яна.
- Яна расмларни кўриб ўтиб кетдим.
Озодлик: Рўмолли қизлар ҳақидаги мақола бўйича нима дея оласиз? Уларга рўмол ўрашларини тақиқлаш тўғрими¸ нотўғрими? Сизнинг фикрингиз қанақа?
- Менинг фикрим, энди билмадим, иложи бўлса ҳижобда юрган маъқулроқ. Мусулмон қизининг мусулмонмас қизлардан фарқи шунда бўлса керак. Европейский бўлиб кетаяптику ҳозир ҳамма қизлар.
Озодлик: Сиз ўзингиз ҳижобда юрасизми ëки ҳижобсизми?
- Ҳижобсиз нормалний кийинаман. Фақат бизнинг оилада шим кийдирмайди, калта юбка кийдирилмайди. Фақат узун нарсалар кийдирилади. Рўмолни ҳам қишда ўраймиз, лекин сочимизни ëздиришмайди.
Озодлик: Сиз ўзингиз ҳижобда юрмас экансиз. Агар ота-онангиз рухсат берса, сочларингизни ëзиб юришингиз мумкин эди экан, шим кийиб юришингиз мумкин эди экан. Лекин айни пайтда мусулмон қизлар ҳижобда юриши керак деган фикрни айтаяпсиз. Шу ерда қандайдир зиддият йўқми?
- Йўқ. Мен ўзим ҳижобга кирмоқчи бўлганман. Кирмоқчи бўлганимда Тўрткўлда диний экстремизм нимасида қамашди одамларни. Ҳижоб кийган қизларни тутишган эди. Ўша пайтда менинг дугонам бўларди. Мен Тўрткўлда коллежда ўқиганман. Ўша пайтда менинг Сайëра деган дугонамни ҳокимиятга олиб кетиб қолишган. “Ҳижобимни ечмайман” деса, “Ечасан. Бўлмаса қамаймиз” дейишган. Шу билан ҳижобни ечиб юборди. Келинойиси Тошкентдан тушган эди, у ҳам ҳижобда эди.
Озодлик: Сиз ҳозир Тўрткўлдамисиз?
- Йўқ. Мен ҳозир Хоразмдаман. Тўрткўлда ўқиганман.
Озодлик: Ўша воқеадан кейин ҳижобга кирмагансиз-а?
- Йўқ, кирмаганман, дейди Нодира.
Гурланлик 21 яшар Қудрат шу кунда Россияда – Волгоград вилоятининг бепоён далаларидаги бир объектда қоровуллик қилаётганини айтгандик.
- Мен Хоразм вилояти, Гурлан тумани, Улуғбек 18 уйда яшовчи Бобониëзов Қудратман. 21 ëшдаман. Россияда муҳожирлик қилиб ишлаяпман.
Озодлик: Қайси шаҳардасиз?
- Волгоград шаҳрида.
Озодлик: Нима иш қилаяпсиз у ерда?
- Далада ишлаяпман. Ҳозир қоровуллик қилаяпман. Далада ëтибман. Россияда юрган ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳаммасини Янги йил билан табрикламоқчиман.
Озодлик: Янги йил сиз учун ҳам байрамми?
- Мен учун Янги йил ҳозир умуман байрам эмас.
Озодлик: Нима учун?
- Сабаби ....
Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.
*************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.
Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!