Туркманистонда катта маблағ эвазига суратга олинган "Туркманистон жаннатмаконим" 3Д филми томошабинларни ўзига жалб қилмагани кузатилди.
Туркманистон пойтахтидаги "Aşgabat" кинотеатри мамлакатнинг иккинчи президентига атаб қурилган илк кўнгил очар масканлардан бири.
Туркманистон Президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедов туғилган кунида ишга тушган бу кинотеатр фақат бир томошабин, яъни президент учун кино кўрсатиб келар эди.
Кинотеатр ўртасидаги устига така гиламлари тўшалган оромкурсида Бердимуҳаммедов кўзига махсус ойнак тақиб 3Д русумдаги кинофилмларни томоша қилади.
Янги йилдан бошлаб бу кинотеатр оддий туркманлар учун ҳам эшикларини очди.
Аммо президент табаррук қилган кинохонага бориб кино кўришни истаганлар сони жуда оз деб ҳабар қилди Туркманистондаги мухбиримиз.
Меъморчилик ва кино намойиш технологиясининг энг сўнгги ютуқлари асосида қурилган "Aşgabat" кинотеатрига келувчилар сони кунига 15 нафарга ҳам етмаяпти, дейди мухбиримиз билан гаплашган кинотеатр чипта сотувчиси.
"Aşgabat" кинотеатри иккита залдан иборат. Биринчи зал 3Д филмларга мўлжалланган бўлиб 70 ўриндиқдан иборат. Иккинчи зал эса оддий филмлар намойишини кўзда тутади ва 500 ўриндиқга эга.
Ашхободдаги мухбиримиз ҳар икки залга кириб, ҳар иккаласида томошабинлар сони 5 кишига етмаслигига гувоҳ бўлди.
Балки чипта нарҳи қимматдир? Бу савол жавобини излаган мухбиримизга кўра, бир 3Д филмнининг чиптаси катталар учун 10 манат. Бу тахминан 3 доллар дегани.
Ашхободдаги бошқа кинотеатрларда чипта нарҳи 1 манатдан ошмайди.
"Aşgabat" кинотеатрининг қурилишига эса, 20 миллион доллардан кўпроқ пул сарфлангани айтилади.
Айни пайтда "Aşgabat" кинотеарида фақат бир дона 3Д филми намойиш қилинмоқда. “Туркманистон жаннатмаконим” деб номланган ҳужжатли филм 3Д русумида туркман киночилари тарафидан суратга олинган ягона “киноасар” бўлиб қолмоқда.
Аммо бу асарни 10 манат бериб томоша қиладиганлар сони 5 кишидан ошмаяти, деб хабар қилди Туркманистондаги мухбиримиз.