Қозонда Ўзбекистон фуқароси отиб ўлдирилди

Рустам Юсупов ва Лениза Юсупова қидирувда бўлган.

12 январ куни кечқурун Татаристон пойтахти Қозонда ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб қидирувга берилган тошкентлик Рустам Юсупов полиция махсус операцияси давомида отиб ўлдирилди. Рустам Юсупов ва унинг рафиқаси Лениза Юсупова 10 январ куни Татаристоннинг Мемдел қишлоғида портлаш содир этганликда айбланиб, қидирувга берилган эди.

Пайшанба куни Қозоннинг Химиклар кўчасида кучишлатар идора ходимлари томонидан олиб борилган махсус операция давомида полициячига пичоқ билан ҳамла қилган 37 ёшли ўзбекистонлик Рустам Юсупов отиб ўлдирилди.

Татаристон Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига алоқадорликда гумонланаётган Рустам Юсупов Високогорний тумани Мемдел қишлоғидаги уйлардан бирида содир бўлган портлашга алоқадорликда гумонланмоқда.

10 январ куни Мемдел қишлоғидаги уйлардан бирида чиққан ёнғинни ўчиргани келган ўт ўчирувчилар хоналардан бирида иккита портловчи мосламани аниқлаган, деди Россия Федерацияси Тергов қўмитаси матбуот котиби Владимир Маркин журналистлар билан мулоқоти чоғида.

“Майонез банкасига жойлаштирилган портлаш мосламаси зарарсизлантирилаётганида портлаб, сапёрнинг чап қўлини узиб кетган”, деди тергов қўмитаси расмийси.

- Дастлабки тергов маълумотларига кўра, 2009 йилнинг март ойидан бу уйда нафақахўр эр-хотин яшаб келган. Шу йилнинг 7 январида уларинг олдига ўғли 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Рустам Юсупов, унинг рафиқаси ва икки боласи келган. Портлашдан кейин Юсупов номаълум шахснинг машинасида хотини ва болаларини олиб ғойиб бўлган. Ўтказилган тергов-суриштирув ишлари натижасида 12 январ куни Рустам Юсупов Қозон шаҳар Химиклар кўчасида аниқланган. Юсупов полициячига пичоқ билан ташланиб уни яралагач, табел пистолетидан отиб ўлдирилган, дея маълум қилди Россия Тергов Қўмитаси расмийиси Владимир Маркин.

Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 30-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 1-қисми (террорчилик ҳаракати содир этишга тайёргарлик кўриш), 222-моддаси 1-қисми (портловчи мосламаларини ноқонуний сақлаш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Россия Тергов қўмитаси Рустам Юсуповнининг халқаро террорчилик ташкилотларига алоқадорлиги текширилаётганини маълум қилди.

Татаристон ички ишлар вазирлиги расмийси Ирина Нежельскаянинг Озодликка айтишича, “Рустам Юсуповнинг рафиқаси Лениза ва уларнинг икки фарзанди қаерда эканлиги ноъмалумлигича қолмоқда”.

Чоршанба куни Татаристон Ички ишлар вазирлиги сайтида чоп этилган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқароси Рустам Юсупов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида 1985 йилда туғилган Лениза Тимергалиева билан турмуш қуриб, икки фарзандли бўлган.