Ўқувчи ва талабалар гўнг ташишга чиқарилди

Ўзбекистонда дала ишларининг бепул дастёрлари зиммасига янги мажбурият юклатилди.

Ўтган йилда ойлаб вақтини пахта теримида ўтказган жиззахлик ўқувчи ва талабалар энди далага гўнг ташияпти. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, Пахтакор туманида коллеж ва мактаб ўқувчилари тумандаги фермерларни оталиққа олган. Мактаб ўқувчилари челакда, коллеж талабалари эса прицепларда далага гўнг ташияпти.

Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги ижтимоий-педагогика коллежи талабасига кўра, туман ҳокимияти коллеж ва барча мактаблар директорларига фермерларни оталиққа олишни буюрган. Бу талаба хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилишни истамади.

Ҳафта давомида коллежнинг юқори курс талабаларига "оталиққа олинган" фермер даласига икки прицепдан гўнг ташиб бериш мажбурияти юкланди, дейди исми сир қолишини истаган талаба:

- Мактаб ва коллежларга оталиққа олинглар деб, фермерлар ерларини бўлиб беряпти. Ҳеч ким бормайдиган, шўр босган, унумсиз ерлар бўладику, ана ўшаларга икки тележкадан гўнг олиб борасизлар деган. Иккинчи курслар ҳам, учинчи курслар ҳам. Гўнг ҳеч қаерда йўқ, пул йиғиб сотиб олишимиз керак экан.Энди баҳорда чопиқ қилсак, кузда пахта терсак, қишда гўнг таширмиз экан,- дейди коллеж талабаси.

Унинг айтишича, тумандаги мактабларнинг 7-9 синф ўқувчиларига ҳам далага гўнг ташиш топшириғи берилган:

- Мактаб ўқувчилари уйидан бир пақирдан гўнг олиб боряпти. Ўқитувчилар уни йиғиб, тележкага юклаб, далага олиб бориб тўкиб келяпти,- дейди талаба.

Озодликнинг Пахтакор туманида яшовчи бошқа бир манбасига кўра, янги йилдан сўнг туман ҳокимлигида коллеж ва мактаблар директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Бу йиғилишда ҳоким талаба ва ўқувчиларни фермерларга ёрдам бериш ва далага гўнг ташишда кўмаклашиш ҳақида фармойиш берган.

Пахтакор тумани халқ таълими бўлими раҳбари Хурсаной Қурбонова Озодликнинг ўқувчилар фермерларни оталиққа олгани хусусидаги саволини эшитиши биланоқ, банд эканлигини айтиб, беш минутдан кейин қўнғироқ қилишимизни сўради. Бироқ 5 минутдан сўнг Хурсаной Қурбонова телефонини ўчириб қўйди ва у билан қайта алоқага чиқиш имкони бўлмади.

Пахтакор тумани ҳокимиятининг ўзини таништирмаган ходими ўқувчиларнинг далага гўнг ташиётгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади:

- Коллеж ва мактаблар фермерларни оталиққа олиши ҳақида гап йўқ. Лекин ҳозир далага гўнг чиқариш кампанияси бўлмоқда. Шунга ўқувчилар фермерларга ихтиёрий ёрдам беряпти,- дейди Пахтакор туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистонда пахта терими ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига болаларнинг мажбуран жалб этилиши ҳоллари эса йиллардан буён кузатилиб келмоқда.

Ўзбекистонда болаларнинг дала ишларига жалб этилиши халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади. Халқаро ташкилотларга кўра, ўзбекистон ҳукумати ҳар 2 миллионга яқин болани пахта далалари ишлатади. Болалар 2 ой давомида ўқишдан қолиб пахта териши халқаро ташкилотлар томонидан ҳужжатлаштирилган.

Ўзбекистон ҳукумати бу танқидларни рад қилиб келади.

Европа ва АҚШдаги ўнлаб етакчи ширкатлар болалар меҳнатидан фойдалангани учун Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилган.

Ўзбекистон дунёда пахта ишлаб чиқариш бўйича 6-ўрин, экспорти бўйича эса, 5-ўринни эгаллайди. Бу йилги мавсумда Ўзбекистон 600 минг тонна пахта толаси сотиб, ундан бир миллиард АҚШ доллари атрофида фойда кўришини эълон қилган.

Бу фойданинг асосий қисми мамлакат ҳокимияти элитаси ҳамëнига тушаётгани иддао қилинади.