Қирғизистонда миллатлараро тўқнашув содир этилиши мумкин бўлган 147 ҳудуд бор.
Қирғизистондаги 29 ҳудудда миллатлараро вазият кескинлашган
Ички ишлар вазири ўринбосари Бакит Алимбековнинг Қирғизистон парламенти Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасига берган маълумоти кўпчилик сиёсатчиларни эсанкиратиб қўйган бўлса ажаб эмас.
- Биз томонимиздан республикада миллатлараро низолар содир бўлиши мумкин бўлган нуқталар ўрганиб чиқилди. Бугунги кунда бу рўйхат 147 ҳудуддан иборат, -деди Бакит Алимбеков.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам бу йўналишда ўз тадқиқотини олиб борган. Махсус хизмат раиси Шамил Атахановнинг билдиришича, мамлакатда энг катта миллатлараро низолар ўчоғи 29 тадир.
- Бу энг катта тўқнашувлар юз бериши мумкин бўлган ҳудудлардир. Бу ҳудудлардаги кескинликни тез орада оператив тарзда бартараф этиш лозим, -деди Шамил Атаханов.
Ички ишлар вазирлиги ҳам, Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам миллатлараро тўқнашувлар олдини олиш ва вазиятни барқарорлаштириш масаласида парламент ҳамда ҳукуматга ўз тавсияларини тақдим этишди. Мазкур тавсиялар моҳияти ва миллатлараро низолар ўчоқлари айнан қайси ҳудудлар экани жамоатчиликка ошкор этилгани йўқ.
Маҳаллий ҳокимиятлар тўқнашувларнинг олдини олишга ожиз
- Маҳаллий ҳокимиятлар, прокуратура, суд ва бошқа ҳуқуқ тартибот идоралари этник мансубликка ёки кимнинг кўпроқ пул беришига қараб қарор чиқармоқда. Бу миллатлараро муносабатлардаги энг катта муаммодир. Бу муаммони ҳал этишга қаратилган концептуал дастурнинг ва таҳлилнинг йўқлиги вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда, -деди Жўўмарт Сапарбаев.
Этник ўзбекларнинг ҳам ўз таклифлари бор
Айни пайтда этник ўзбекларнинг миллатлараро низолар олдини олишга қаратилган ўз таклифлари бор.
- Менинг фикримча, президент миллатчиларга нисбатан қаттиқ жазолар қўлланилишини талаб қилиш керак. Миллатчиларни 10-15 йилга қамаш тўғрисида қонун қабул қилинсагина, ўзгариш бўлиши мумкин. –дейди Абдураззоқ.
- Бирдан бир таклифимиз ва бирдан бир талабимиз, ким бўлишидан қатъий назар қонунда белгиланган жазони олиши керак. Қирғизистон қонунлари жуда ажойиб. Чиройли қонунлар. Лекин бу қонун бир миллатга нисбатан ишламаяпти. Бошқа миллат вакилларига жиноий қонунларнинг бир эмас, бир нечта моддасини қўллашади, лекин нимагадир бу қонунлар титул миллат учун ишлатилмайди, -деди Абдумалик Шарипов.
Қирғизистонда янги йил арафасида Чуй вилоятининг Маевка ва Жанижер, Боткен вилоятининг Андарак қишлоқларида қирғизлар, кавказлар ва тожиклар ўртасида миллатлараро тўқнашув содир этилди. Қисқа вақт ичида учта тўқнашувнинг содир бўлиши Қирғизистон ҳукумати ва жамоатчилигини ташвишга солиб қўйди.