Зангиотадаги колонияда маҳкума ҳомиласидан ажралди

Маҳкума Гулбаҳор Султонованинг олти ойлик ҳомиласи тушиб қолишига қамоқдаги оғир меҳнат шароити сабаб бўлгани айтилмоқда.

13 январ куни Зангиотадаги 14-сонли аёллар манзил-колониясида 40 ёшли Гулбаҳор Султонованинг олти ойлик ҳомиласи тушиб қолди.

Бу ҳақда дастлаб хабар тарқатган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси колониядаги оғир меҳнат шароити ҳомиладор маҳкуманинг қорнидаги боласидан ажралишига сабаб бўлгани ҳақида ёзди.

18 январ куни Озодлик Зангиотадаги 14-сонли аёллар манзил колонияси маҳкумаларидан бири билан боғланиб, воқеа тафсилотларига ойдинлик киритди.

Озодлик маҳкуманинг хавфсизлиги юзасидан унинг исм-шарифини ошкор қилмайди.

Суҳбатдошимизга кўра, 13 январ куни Гулбаҳор Султонова ўзини ёмон ҳис қилган ва ишга олиб чиқмасликларини илтимос қилган.

Бироқ колония ходимлари уни мажбуран ишга олиб чиққан ва Султонова ўша куни қечқурин ҳомиласини йўқотган.

“Ўша куни Гулбаҳор йиғлаб, ялиниб, ўтириб қолди. “Ишга чиқарманглар мени. Угроза (ҳомила тушиб қолиши хавфи) бўлаяпти. Бола кўчаяпти” деб йиғлаб илтимос қилди. Уни ўзи врачку. “Бўлмаяпман мен. Илтимос менга постел қилиб беринглар” деди. Биринчи туғиши эканда. Кейин у ўтириб йиғлади. Лекин “Йўқ” деб, уни мажбурлаб ишга чиқаришди. Кечқурин у боласини йўқотди” дейди воқеага шахсан гувоҳ бўлган маҳкума.

Мазкур ҳодиса билан боғлиқ вазиятни кузатаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига Султонова масаласида мурожаат қилган.

- Жазони ижро этиш бош бошқармасига телефон қилиб, агар Султоновага тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон президенти қароргоҳи олдида пикет қилишимиз ҳақида огоҳлантирдик, дейди Елена Урлаева.

Колониядаги манбага кўра, кейинчалик Гулбаҳор Султонова тиббий экспертизага жўнатилган.

Бироқ манбанинг айтишича, шундан кейин колония раҳбарлари Гулбаҳор Султоновага босим кўрсатишни бошлаган.

“Уни мажбурлашаяпти ҳозир. “Мен иккиқат эмас эдим. Алдаган эдим” деб тилхат ёздиришаяпти” дейди колониядаги манба.

Унга кўра, айни пайтда Гулбаҳор Султонова кучли назорат остида сақланмоқда.

“Надзорда ҳамма уни кузатаяпти. Туалетга борса ҳам бир киши бораяпти. Биз билан гаплаштирмаяпти” дейди воқеадан хабардор маҳкума.

Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси Гулбаҳор Султонова билан боғлиқ вазият бўйича Ўзбекистон Бош прокуратурасига шикоят аризаси йўллаб, маҳкумага ёрдам кўрсатилмаса, Зангиотадаги колония олдида пикет ўтказишини маълум қилган.

Касби ҳарбий шифокор бўлган фарғоналик 40 ёшли Гулбаҳор Султонова бюджетга катта миқдорда зарар келтириганликда айбланиб маҳкамага тортилган ва Жиноят кодексининг 184- ва 189-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд ҳукмига кўра, Гулбаҳор Султонова жазони ўташ учун Зангиотадаги манзил-колонияга жўнатилган.


Зангиота колониясидаги меҳнат “жараёни”


Султонова боласида ажрагани тўғрисида Озодликка маълум қилган Зангиота манзил-колонияси маҳкумасига кўра, 14-колонияда маҳкумалар жуда ёмон шароитда яшаб, оғир меҳнатга жалб қилинади.

“Биз эрта билан 7.30да йўлга чиқамиз. 7-8 километр пешком (пиёда) юрамиз. Аввалроқ 12 километрга бориб келардик. Соат 5гача ишлаймиз. Кейин яна икки соат пешком юриб, колонияга келамиз” дейди маҳкума.

Унинг айтишича, айни пайтда маҳкумалар ўтин йиғиш ишларига жалб қилинган.

“Биз ўтин йиғаяпмиз. Ўтин ташияпмиз. Битта бригада кесаяпти, биз ташияпмиз. Ўтинлар теплица учун. Теплица бизнинг колонияники бўлса керак. Шолиларни ўрдик, пичан ўрдик. Ҳозир хашак ҳам ташияпмиз” дейди маҳкума.

Колонияда маҳкумалар учун умуман шароит йўқлигидан ҳам шикоят қилади суҳбатдош.

“Обедимиз йўқ бизнинг. Нон билан салат еймиз. Иссиқ овқат йўқ. Иссиқ чой умуман йўқ. Иссиқ сув, совуқ сув йўқ. Ишдан келгандан кейин қўлимизни ювмасдан проверка (текширув) бўлади. Проверкадан келгандан кейин ужинга (кечки) овқат қилишимиз керак. Биз ўзимизни боқамиз. Тухум ҳам пишира олмаймиз. Пиширадиган жой ҳам йўқ. Худо сақласин одам ўлдирмаганмиз. Лекин ўлим жазосини олганманми деб қўрқиб кетаман. Яқинларим келганда аҳволимни кўриб йиғлашди. Ўзим дод деб йиғладим. Колониядаги аҳволни ҳатто киноларда ҳам кўрмаганман” дейди Зангиотадаги 14-сонли аёллар манзил-колониясидаги маҳкума.

Озодлик Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасидан Зангиота манзил-колониясидаги вазият ва Гулбаҳор Султонова билан боғлиқ аҳвол бўйича бирор маълумот олиш имконига эга бўлмади.