Каримовалар Chanel шоусининг олд қаторида

Парижнинг ҳашаматли Grand Palais қасрида бўлиб ўтган Chanel 2012 йил баҳор/ëзги либослар кўргазмасида Ўзбекистон президентининг иккала қизи шоу бизнес юлдузлари қаторидан жой олишди.

Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова Женевадаги БМТ идораларидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий намояндаси.

Иккинчи қиз – Лола эса¸ БМТнинг Парижда жойлашган маданият идораси - UNESCO даги Ўзбекистон элчиси.

Иккала қизнинг дипломатик жабҳада Ўзбекистон республикаси учун нима иш қилаëтгани йиллардан бери жамоатчиликка қоронғу бўлиб келаëтган бўлса-да¸ элчи хонимларнинг Париж ва Европанинг бошқа пойтахтларидаги зодагонлар даврасининг кунда-шундаси экани Ғарб матбуотига яхши маълум.

24 январ куни дунëнинг энг қимматбаҳо брэндларидан бири ҳисобланмиш Chanel 2012 йилги баҳор/ëз коллекциясини намойиш қилди. Карл Лагерфельд яратган янги либослар томошасини кўриш учун олд қаторни эгаллаган Камерон Диаз¸ Диан Крюгер каби ўнлаб Ҳолливуд юлдузлари қаторида Ўзбекистон президентининг икки қизи ҳам ўтирди.

Шоу бизнес юлдузларининг кийиниш услубини кузатиб¸ таҳлил қилиб келадиган Stylebistro.com журнали Париж мода ҳафталигида қатнашаëтганлар орасидаги энг яхши ва ëмон кийинганлар номини эълон қилди.


Гулнора Каримова Stylebistro журнали нигоҳида.

Устига Chanel логоси ва улкан хоч сурати туширилган ҳарир кофта билан ўзбекча қора атлас лозим кийган Гулнора Каримова¸ ушбу журнал баҳоси билан¸ энг ëмон кийинганлар сафидан жой олди.

“Гулнора Каримованинг брэндга садоқати у кийган ҳашаматли Chanel логоси туширилган кофтадан очиқ кўриниб турди. Аммо афсуски¸ у бу кофтани ялтироқ жемпер ва жуда катта йўллик иштон билан кийди. Боз устига у Miley Cyrus (Hannah Montana филми бош қаҳрамони¸ Ҳолливуд актрисаси – таҳр.) нинг тақинчоқларга ëндашувига эргашиб¸ ўз устига ҳаддан ташқари кўп зебу-зийнат тақиб юборди. Жуда ошириб юборибди!” деб ëзди башанглар кийиниш услубини таҳлил қилувчи Stylebistro.com журнали.

Ўзини халқаро майдонда дизайнер ва заргар сифатида танитишга ҳаракат қилаëтган Гулнора Каримова ўтган йиллар давомида бир неча нуфузли халқаро мода ҳафталиги дастури доирасида ўзига қарашли Guli брэнди либос ва тақинчоқларини намойиш қилди.

АҚШ матбуоти¸Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши курашиб келаëтган халқаро гуруҳлар¸ қолаверса ўзбек мухолифати босими остида Ню Йорк мода ҳaфталигининг 15 сентябр кунги дастурига киритилган Guli шоуси бекор қилиниб¸ Манҳаттендаги Cipriani хусусий ресторанида махсус чақиртирилган меҳмонлар учунгина намойиш этилган эди.

"Ўзбекистонда ҳар йили икки миллионгача мактаб боласи давлат томонидан мажбуран пахта даласига ҳайдалаëтган бир мамлакатнинг БМТ даги элчиси¸ қолаверса шу давлатнинг авторитар ҳукмдорига қиз бўлган Гулнора Каримова бу сиëсат учун масъулдир"¸ деган эди Каримованинг Ню Йорк Мода ҳафталигига қўйилмаслиги талаби билан бир неча бор норозилик тадбири ўтказган ҳуқуқ фаоллари.


Лола Каримова Channel шоусида.

25 январ кунги Chanel шоусида опаси каби биринчи қаторда ўтирган садоқатли “channel”чилардан яна бири – Лола Каримова на яхши ва на ëмон кийинганлар рўйхатига киритилди.

Лола бу гал ҳам¸ Ғарб матбуотининг танқидий назаридан тушмай келаëтган дипломат¸ сиëсатшунос¸ дизайнер¸ заргар¸ қўшиқчи¸ шоира¸ олима¸ каратечи¸ косметолог ва саховатпеша опасининг соясида қолди.

Бундан аввал Лола Каримова Париждаги "Rue89" мустақил Интернет нашрини Ислом Каримовни диктатор деб атагани учун судга бериб¸ 2011 йил июнида маҳкамада ютқазгани муносабати билан халқаро матбуот тилига тушган эди.

Айни пайтда¸ француз кузатувчиларига кўра¸ Лола Каримова Франциядаги сатанглар даврасининг кунда-шундаси ва опаси каби етакчи халқаро нашрлар тилига тез-тез тушмаса-да¸ унинг сурати башанг давралар ҳаëтини ëритувчи сариқ матбуотда тез-тез кўзга ташланиб туради.