Каримов туғилган кунига Парижда пикет ўтказилди

Ислом Каримов 74 ёшга кириши муносабати билан ўтказилган норозилик акциясида 50 яқин фаол қатнашди.

Парижда халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, бир гуруҳ ўзбек фаоллар ҳамда француз жамоатчилиги вакиллари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таваллуд куни муносабати билан норозилик тадбири ўтказдилар.
30 январ куни Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси яқинидаги Малзерб майдонида ўтказилган тадбир “Сиёсий маҳбусларга озодлик!”, “Дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги ёвуз сиёсатга беписанд қолмаслиги керак!”, деган шиорлар остида бўлди.

Норозилик йиғинида АСАТ-France (Қийноқларга қарши насронийлар ҳаракати), Инсон ҳуқуқлари Лигаси, Халқаро Амнистия, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Федерация FIDH, Front Line Ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш Жамғармаси, Ўтюраклар клуби, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари Альянси вакилларидан иборат элликка яқин одам қатнашди.



“Ўтюраклар” Клуби раҳбари, ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага кўра, намойиш дастлаб Ўзбекистон элчихонаси қаршисида ўтиши мўлжалланган эди, аммо элчихона дипломатлари томонидан кўрилган тезкор чоралар ва дипломатик ваколатнинг кенг қўлланилиши боис пикет жойи ўзгартирилган.

Пикетчилар 200га яқин газ билан шиширилган шарлар, шу кунларда маҳбусликда қолаётган ўнлаб ўзбек сиёсий маҳбусларнинг ҳаваскор рассомлар томонидан чизилган портретлари, "Сиёсий маҳбусларга озодлик!" деган сўзлар битилган плакатларни кўтариб туришди.

- Бу тадбирни Каримов туғилган кунида ўтказишимизни сабаби, биринчидан уни айнан таваллуд топган кунида атрофидаги одамлар кўкларга кўтариб, айнан уни даврида ижобий натижаларга эришилгани ҳақида гапириб уни ҳурсанд қилишса, биз айнан мана шу куни Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий вазиятни қанчалар оғирлашиб кетганлиги, бундан ташқари Ўзбекистонда таъқиблар, босимлар, диндорларнинг оммавий қамалаётгани, ўзгача фикрловчи фуқаролик жамияти фаоллари, журналистларнинг ҳибс этилаётгани, қийноққа солинаётгани, барча барчаси айнан Ислом Каримов давлатни бошқараётган бир пайтда содир этилаётган жиноятлар ҳақида эслатиш учун бу тадбирни ташкил қилдик,- дейди Парижда бошпана топган "Ўтюраклар" клуби раҳбари, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Мўътабар Тожибоева.

Ўзбекистони 23 йилдан бери идора этиб келаётган Ислом Каримов 30 январ куни 74 ёшга кирди.