Чикагода чиқадиган "Лексикон" журнали танлови совриндори ўзбек адиби Исажон Султон "Қисмат" ҳикоясини Озодлик тингловчиларига тақдим этади.
ҚИСМАТ
Кичик ўғил
Айвон. Устунлар вақт ўтиши билан тўқ жигарранг-қорамтир тус олиб, узунасига ёрилган. Баъзи ёриқларида майда чумолилар ўрмалашади. Каттароқ бир ёриққа сариқ арилар ин қурган. Улар кўп эмас, саккизта ёки тўққизта. Эрталаб ҳали ҳавода нам кўп маҳали ғуж бўлиб турадилар, қанотлари қуригач, учиб кетадилар. Қаноти нам арининг ғўнғиллаши бўғиқ ва паст бўлади. Қаноти қуруқ ари зириллаган овоз чиқариб учади.
Буларнинг чақиши эрта баҳорда кучли бўлмайди. Ёз бўйи куч тўплайди. Заҳри кузда ўткирлашади. Чумолилар билан арилар бир-бирларига тегмайдилар. Гўё ҳар бири ўзининг ташвиши билан овора.
Ҳовли шўрлашган, оқариб қолган. Ҳар ер-ҳар еридан шўралар ўсиб чиққан. Битта-иккита ажриқ ҳам кўзга ташланади, лекин улар заиф, сарғайиб илвираб қолган. Тошни суриб-ёриб, дуч келган ерда ўсиб кетаверадиган бу безбет ўт шўрни нимагадир ёқтирмайди, сув сепса ҳам ўсмайди, илдизларини йиғиштириб олиб, қуёшда тобланиб ётади. Шабада қуриб-енгил бўлиб қолган илдизни сургалаб, бошқа жойга олиб кўчиради, шунда намни сезган илдиз дарров томир отади – тўрт-беш кунда маҳкам ўрнашволиб, урчиб кетаверади.
Айвонда чўпсават. Чўпсаватда нон. Жуда ширин, суви қочгани ундан ҳам ширин. Лекин энам тўйиб егани қўймайди. Нон сўрасак, бир бурдагина беради. Баъзан нонпалов пиширади. Нонпаловга сабзи ҳам қўшади, сабзили нонпаловни мен ёмон кўраман, фақат нонларини териб ейман.
Умуман, нонни жуда қизғанади энам. Овқат еб бўлинганида, ушоқларни қунт билан тўплайди, кейин акамга, баъзан менга беради. “Ол, полвон бўласан”, дейди. Менинг ушоқ егим келмайди.
Иккинчи чўпсаватда қурутлар. Ҳар ер-ҳар ерига тупроқ ёпишган, аммо ёғли ва мазали.
Уйнинг орқаси томорқа. Томорқа жуда ораста, тартибли. У ерда ўйнашга рухсат йўқ. Эгатлар тўппа тўўри, қиялатиб олинган, суғорилганида кўллаб ҳам қолмайди, оқиб ҳам кетмайди, балки эгатларни бир маромда тўлдиради. Томорқа адоғи айланасига мевали дарахтлар. Катта қизил олма, олмурут, нок, ёнғоқ бор. Ёнғоқ билан ўрикнинг тагида ўт ўсмайди.
Кейин қатор ораста тераклар бўй чўзган. Улар катта бўлганида кесиб олинади, кесилганида ёғоч ширасининг бошни айлантирадиган иси анқиб кетади, пўсти шилинганида ҳам шунақа бўлади. Шох-шаббалар тандирга ишлатилади, ёғочлари уйга синч бўлади. Шу боис терак кўп, саноғи элликдан ошиқ. Япроқлари сал шабадага ҳам шилдирайди.
Ундан кейин қўшнининг томорқаси. Кейин яна аллакимнинг. Кейин дала, даланинг адоғида зовур бор. Зовурнинг суви баҳорда лойқа тус олади, ёзда шаффоф, кузда эса зангор-мовий тусга киради, сокинлашади.
Гап ана шу зовур ҳақида. Тўғрироғи, зовурда мен кўрган ажойибот ҳақида.
У ерда тилла балиқ бор.
Бу балиқдан бир Худо, бир мен хабардорман.
Зовурга у қандай келиб қолди экан? Ўтган куни жуда қаттиқ момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чаққан, овозидан худди осмон ёрилиб кетгудек бўлган, кейин эса шаррос жала қуйган эди. Айтишларича, ўшанда шу ердан кўриниб турадиган тоғларнинг чўққиларидаги қору музлар кўчиб, йўлидаги қишлоқларни вайронага айлантириб шиддатли сел келган, мана шу зовурлар ҳам лойқа сувга лиммо-лим тўлиб оққан экан – балки ўшанда келиб қолгандир?
У туш маҳали, қуёш қаттиқ қиздирганида сув бетига чиқади. Қинғайиб қуёшга қарайди, кейин думи билан сувни қаттиқ уради, шунда қарсиллаган овоз чиқади.
Қамишлар ҳам қарсиллаган овоз чиқаради. Чунки танаси ғовак бўлади, шабадада эгилганида қарсиллайди.
Мен унинг рангини яхши кўраман.
У – товланувчан. Сувда роса чиройли кўринади, аммо сув бетига чиқса, унча товланмай қўяди. Нозик ранглари думдан бошга қараб билинар-билинмас ўзгариб боради. Қуюқ қирмизидан оч қизғимтирга ўтади, кейин эса сариққа алмашади. Сузгичлари оч қизил, қора нуқтали – сариқ ҳошияли, ёмғирда қолган капалакнинг ҳўл қанотига ўхшайди.
У менинг гапларимга қулоқ солишини ҳам биламан. Гапирсам, индамай қараб туради. Сабру тоқат билан гапимнинг адоғини кутади. У чиққанида қушларнинг овози ўчади, ҳашаротлар чирилламай қўяди. Қамиш пояларидаги ниначилар жим чайқаладилар. Шабаданинг овози эса кучаяди, нимадир шивирлаётганга ўхшайди.
Балиқ шабадани ёқтиради. Майда мавжлар метин танасига тегиб синиши хуш ёқса керак. Қуёш нури унинг йилтироқ танасида сув билан қўшилиб жилоланади. Томчилар йилтирайди. Оқимтир-сарғиш ойқулоқлари сокин-осойишта қимирлайди. Кўзининг атрофидаги ҳошиясигача нурли туюлади.
Қоқ туш маҳалида энам катта акам билан сувни қўйворгани кетади, чунки туш маҳали экинни суғориб бўлмайди. Экинни эрталаб ёки кечаси суғоради. Шунда мен уларнинг кўзини шамғалат қилиб қўшнининг ерига ўтаман. Қўшнимиз томорқасини айлантириб маккажухори эккан, девордай бўлиб шитирлаб туради. Пояси билакларимни ачиштиради.
Зовур ёқасига бораман, дўнгга ўтириб, сувга қараб кутаман.
Балиқ менинг келганимни сезади, лекин дарров чиқа қолмайди. Унгача ғумбалдоқ ўтига тегишаман. Гулкосаси оч яшил, қўпол, ичида кичкина нуқтачалари бор, бармоғимни тегизсам дарров гулкосасини юмиб олади. Худди кўзини юмганга ўхшайди, қўрқоқ, ҳуркак ўт у.
Гоҳо хунук, ваҳший ниначи қурти сув остидан юзага – қамиш ёки ўт поясига ўрмалаб чиқади. У жуда очофат, кўрган нарсасини паққос туширади, баъзан ўзининг наслдошларини ҳам еб қўяди. Пояда соатлаб қимир этмай туради, кейин елка қисми тўсатдан ёрилади, ёрилган қисмидан қанотлари ҳарир, боши катта ўзга бир жонзот – ниначи чиқиб келади. Дўнгга қўниб, қуёш ҳароратида қанотларини қуритгач, пирпираб учади-кетади... Милтиллаб сузиб юрган итбалиқлар ҳам ўзгариб, бақаларга айланадилар. Илдизнинг пўк қисмида истиқомат қиладиган яна бир жонзот – семизқуртнинг ҳаёти ҳам тўсатдан барҳам топади, бир-икки кун қимир этмай ётади-да, бузоқбошига айланади, яна бир оз вақт ўтгач, тўсатдан қанот чиқариб, дириллаб учишга тушади... Нарироқдаги эски тол кундасининг сувга ботган илдизлари орасида бир қари илон бор. У туш маҳали салқиндан чиқиб келади. Лекин қуёш тиғига дош беролмайди, тўнка соясида, эски илдизга ўралиб тураверади, соатлаб қимир этмайди, баъзан пўст ташлайди...
Аммо менинг балиғим сув бетига чиққанида ҳамма жонзотларининг овози ўчиб кетади. Ҳатто капалаклар ҳам жим қоладилар.
Билганим – теваракда бунақа рангу тусдаги балиқ йўқ. Бировнинг кўрганинию айтганиниям эслолмайман...
Ўртанча ўғил
У балиқни Худо юборганини мендан бошқа биров билмади!
Укам уни борлигини айтганидан кейин зовур бўйига бекитиқча бир неча марта бордим. Ҳар гал борганимда уни кўрдим.
У сирли балиқ эди. Сув бетига чиққанида теваракдаги қурту қушларнинг овози ўчиб кетарди.
... Кичкиналигимда энамдан, одамлар ўлганидан сўнг нима бўлади деб кўп сўрардим. Энам “мени қабрга қўясан, кейин ҳар замонда бориб хабар олиб турасан,” деб айтарди. “Сиз ўлганингиздан кейин чиқолмайсизми?”, дер эдим. “Агар Худо хоҳласа, чиқаман”, дерди. “Худо хоҳламаса-чи?” “Унда қандай қилиб чиқай, болам?” Бир гал айтган эдики, одамнинг руҳи бошқа нарсаларнинг ичига, кўпинча капалакка ёки кичкинароқ жонзотларга, баъзан катталарига ҳам кира олади. Капалак учиб келиб жим ўтиради, унинг ичидаги марҳумнинг руҳи эса теваракни томоша қилади.
Буни энам бир-икки йил аввал айтган эди. Ҳозир у касал, кўзлари деярли кўрмай қолган. Қўлидан етаклаб олиб юрамиз.
Ўтган ҳафтадаги гулдуросли сел қабристонни отамнинг қабри билан қўшиб бузиб ўтиб келганида, отам шу балиқнинг ичига кириб келдимикин, деб ўйладим.
Чунки эртасига бир чол тушимга кирди. Зовур ёнида эмиш. Сиз улғайдингиз, лекин энангиз қийналди дермиш. Отанг балиқ бўлиб олдингга келади, акангга айт, пишириб энангга берсин, тузалади дермиш.
Отам қандай одам эди-я!
Отамдай вазмин, оғир... отамдай камгап... юрганида ер зирилларди, ҳовлига кирганида ҳайбатидан ҳамма жимиб кетарди... балиқ ҳам шунақа эди...
Кўрган тушим ҳақида кўп ўйладим, ниҳоят, отам бошқа бирор нарсанинг ичига кириб яна келар... шу балиқни ростдан ҳам энамга пишириб берақолайлик, шояд тузалса деб, акамга балиқ сирини айтдим.
Акам отамнинг милтиғини олиб, шошиб чиқиб кетди. Ярим соатлар ўтар-ўтмас, тутиб келтирди. Ўзини кўрмадим, балиқ қопда эди. Мен томорқадан бери келмадим. Ота, жон ота... сен ўлиб кетдинг, аммо энам касал-ку... у ҳам ўлиб кетсинми... биз сени емаяпмиз-ку, сен бошқа балиқнинг ичига кириб олаверасан, деб йиғладим.
Акам катта пичоқни олиб, ўчоқ ёнига кетди, тангаларини шила бошлади.
Шунда... укам келиб қолди... У ниманиям биларди... Сирни очиб қўйганим учун роса хафа бўлди, келиб сочларимдан тортиб ура бошлади...
Кичик ўғил
Кириб келганимда энам айвонда, олдида бир товоқда гўшт, қушдайгина бўлиб ўтирган эди. Менинг овозимни эшитиб, тириш юзлари ёйилиб кулимсираганча, фавқулодда ўктам овоз билан:
– Кел, той болам, ке! Камбағалга кун чиқди, аканг балиқ опкелди, ке, сен ҳам еб ол! – деди.
Айвондан нарида ерга гувалакдан ўчоқ қилинган, ўчоққа қозон осилган... ўтинлар ёниб бўлган, чўғи оқаринқираб кўринар... чирсилламоқда эди.
“Балиқ?!”
Ўчоқ ёнида шилиб ташланган балиқ тангалари, думи ва боши ётарди. Шу маҳал қайдандир қўшнининг мушуги пайдо бўлди, у бир сапчиди-да, бошни олиб қочди. Мовий кўзларини мендан узмай, шоша-пиша ғажий бошлади.
– Бу муборак балиқ-да, – энамнинг овози қулоғимга кирди. – Ҳазрати Юнус пайғамбарни ютиб юборган балиқни авлоди-да бу.
Катта акам балиқ гўштини узоқ вақтлардан бери емаганини айтиб, тилда эриб кетадиган бундай мазанинг қайдан келганига ҳайратланар ва мазани узоқроқ ҳис қилиш учун кўпроқ чайнашга уринар эди.
– Худои таоло балиқни ҳалол қилиб яратган, – деб ҳамон сўзланар эди энам. – Ўлганиям ҳалол, тиригиям. Ўшан-чун ойқулоғидан сўйиб ҳам қўйган..
Балиқ?!
Бир Худонинг, бир менинг балиғим!?
Кичик акам тут тагида бошини эгиб ўтирарди.
– Сен нимага буларга айтиб қўйдинг? – деб бақирдим унга ташланиб, овозим хириллаган, бўўиқ эди. – Булар балиқни ейишяти-ку?
Ажабо, кичик акам менинг муштларимга жавоб қайтармай, иккала қўли билан бошини бекитиб, ерга ўтириб олди. Мен унинг йиўлашини қўрқувдан деб ўйладим, шундай ажойиб балиқни ем қилганига йиғлаяпти деб, яна ура бошладим:
– У қанақа балиқ эканини билардингми? У тилло балиқ эди! Яна салгина каттарса, тилло балиқ бўларди!!!
Кичик акам ҳамон инграниб йиғлар, муштларимни сезмас эди. Кейин эса нима деяётгани қулоғимга кирди:
– Ота... Отажон.... – деб йиғларди у.
Олов сўнган, чўғларининг чирсиллашлари пасая-пасая ахийри эшитилмай қолган эди.
Катта ўғил
Укамнинг тушига бир чол кирипти, айтибдики, энанг балиқ гўшти еса тузалади, кўзларига нур киради. Жума куни зовур бўйига борсанг, отанг балиқ бўлиб келади, сенлар уни ушлаб, энангга пишириб беринглар, дебди.
Отамдан қолган қўшотарни олиб борганимда, балиқ ростдан ҳам сув бетида экан. Шимимни шимариб сувга тушдим, сувнинг ости балчиқ, балчиқ ичидаги эски шох-шаббалар оёўимга қадалди. Сочма билан ўқлаб, тепкини босдим, балиқ питирлаб, тўнкарилиб қолди.
Кириб келганимда, югуриб укам қаршимга келди.
Қўрқиб кетгани афт-ангоридан сезилар эди.
– Калланг жойидами? – дедим ўдағайлаб. – Бу бир емиш-ку. Бор, ўчоққа ўтин қала!
Балиқнинг тангаларини шилдим, қорнини ёрдим, ичакларини олиб ташлаб, оппоқ қат-қат гўштли жойини сариқ ёўи билан қўшиб кесиб олдим. Ўчоққа ўзим ўт қаладим, қозон таги жизиллай бошлаганида ёғли жойларини пастга қаратиб, гўштни босдим.
Ана, дедим қониқиш билан. Ана, энди бўлди!
…Ана энди қозонда жизиллаб куйяпсан, ота. Дўзахда шунақа куйишингни орзу қилган эдим. Худои таоло шунга белги қилиб сени жўнатди, жўнатгандаям оловда қовуриладиган қилиб жўнатди.
Энамни урганларингда қўлингга ёпишганларим эсингдами? Мана сенга! Жизилла, жизиллайвер!
Ичиб келиб, ҳаммани тумтарақай қилганларингда-чи? Менга кетмон отганингда елкамни ўпириб юборувдинг, изи ҳалиям бор, ҳалиям қони силқиб турипти, елкамда эмас, ичкарида, юрагимда!
Умр бўйи ота деб ёнингга яқинлашолмадим, бир бола бўлиб бағрингда эркалангим келса-да, ҳайбатингдану ўшқиришингдан чўчидим, токи ўн икки ёшимга етгунча мени кўтариб томга отиб юборишингдан қўрқардим, бир марта укамни шунақа қилиб отиб юборувдинг, чириллаб йиғлаётган бечора болани овози чиқмай қолувди, ғўзапояларнинг устига бориб тушганида ҳам йиғлолмаганди… Уйдан милтиқни опчиқиб, энамга “отиб ташлайман!” деб бақирган эдинг, энам шўрлик “отсанг от, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим” деб ўзини ерга уриб йиғлаганди…
Яна айтайми?
Отингга миниб кетардинг, шу кетганингча қайтиб кунлаб кўрмасдим. Бир неча кундан кейин келардинг, эгарда иккитами-учтами қашқалдоқ, кўкқарға бўларди, ма, пишириб е ҳамманг заҳарингга, дердинг… Кейин улфатларинг келарди, энам овингни пишириб ўзларингга опкириб берарди, бизга қолган-қутган қанотлар тегарди…
Мана энди қовурил, оловда!
Бола бўлиб ота нималигини билмаганим етмади. Катта бўлиб томорқадан бери келмадим. Эсимни танибманки меҳнат қилдим, ҳайбатингдан қўрқиб уйдан кўчага чиқолмадим.
Мана, ҳалиям тупроққа ўралашиб юрипман.
Жизилла, жизилла!..
Ота
Бир қамишзор эмиш. Оч-сариқ, бўйлари узун-узун, поялари қуруқ...
Қамишзорнинг ниҳояси йўқ, шовуллайди. Осмон эса кўм-кўк.
Ана шу қамишзорда минг йиллардан бери қамиш ўраман.
Бу қамишзор тугамайди. Зах кўлмакларда сувчаёнлар оёўимни чақади, баъзан бир нима шалоплайди, нималигини билишга қизиқаману ҳеч тополмайман.
Минг йиллардан бери адоғи йўқ қамишзор... майин учган оқ попилтириқлар...
Шу қамишзорни ўриб тугатсам, нимадир рўй беради. Ишқилиб, ўриб тугатолсам бас.
Ҳар куни тепамга бир қуш келиб бошимдан чўқийди. “Сен кимсан, нимага менга бунча азоб берасан?” деб сўрайман.
“Оқпадар, оқпадар!!!” – деб сайрайди қуш.
Отамнинг юзи ғира-шира эсимда қолган.
Бир қишлоқда, қашшоқ яшар эдик, егани нонимиз, ичгани сувимиз бўлмас эди. Отамга ўшқирганларим... елкасидан тутиб силтаганларим эсимда...
... Бир куни бу қамишзор тугайди. Ўша куни қуш ҳам келмай қўяди. Шунда бу уқубатдан қутуламан.
Қамиш... қамиш...
* * *
... Қамишзорнинг охирида нима борлигини билишга улгурмадим.
Ўзгариш тўсатдан рўй берди. Осмон ёрилди... йўқ, аввал шамол эсди, попилтириқлар ҳамма ёқни тутди, кейин қамишлар синди, илдизидан суўурилиб учиб кета бошлади. Ва еру кўкдан, ўнгу чапдан, осту устдан “Балиқ бўл!” деган қаттиқ бир садо келиб, ўзимни гулдурос солиб оқаётган бир пўртана ичида кўрдим.
Пўртана оққандан оқди, кўшилиб оқиб кетавердим.
Ахийри, бир зовурга келиб тўхтадим.
Зовурда қанча вақт қолдим, билмайман. Назаримда теварак сокин, ҳаддан ташқари сокин, бегона, боз устига, хавотирли ҳам эди, балки сув остидан қараганим учун шунақа туюлдимикин?
Кунларнинг бирида яна сув бетига чиқдим, теваракдаги ҳамма нарсанинг овози яна ўчиб-жим бўлиб кетди. Сўнг зовур ёқасида эса юз-кўзи ўзимга ўхшаб кетадиган бир боланинг қўлидаги милтиўини менга ўқталиб турганини кўрдим...
Кампир
Кўзим кўрмай қолган кундан бери раҳматлик отаси тушимга киради.
“Кўрмаяпсанми, мен келдим. Балиқ е, балиқ!” – дейди ўшқириб.
Тушимда уни бинойидек кўраман.
Раҳматли бераҳм одам эди. Ҳеч кимни, ҳеч нарсани аяб ўтирмасди. Йўлидан биров чиқса яксон қилиб-янчиб ўтиб кетадиган шиддатию ҳайбати бор эди.
Экин-тикин экаман, деҳқончилик қиламан деб кўп уринди, бироқ, эккан кўчатлари унмасди, кўкариб чиқардию жойида қуриб қолаверарди.
Сабаби, отасига қўл кўтарган эди-да. Энди, бир пайтлар... катталарнинг оталари намоз ўқимасин деган буйруқ бўлганида, ота ундан бекитиқча мачитга чиққан экан. Аксига олиб, ўша куни қанақадир байрам эди, ичиб олган эди, келиб отасига “мен қамалиб кетайми” деб ўшқирган, силтаб-итариб ташлаган, ота йиқилганида қамиш бўйранинг чўпи кўзига кириб кетган, шунда “қамишдай қуригин илоё” деб қарғаганди...
Экин-тикин бўлмагач, қайдандир битта милтиқ топиб, уззукун қамишзорга жўнаб қоларди, кечгача юриб-юриб, гоҳо биронта қашқалдоқми, кўкқарғами отиб келарди.
Қаҳрига яраша меҳриям борийди раҳматликнинг, аммо нимаики қилса терси бўпчиқаверарди-да, тавба! Йўқса, кўзим кўрмай қолганини қайдан биларди-ю қайдан меҳрибонлик қилиб “балиқ есанг тузаласан” деб айтарди?
Мана, болам пишириб берган балиқнинг эти хил-хил, бирам мазали. Кўзим равшанлашаётгандай. Балки бугун-эрта басирлик барҳам топар?... Жойи жаннатда бўлсин раҳматлининг, мен ундан минг-минг розиман.
Шоядки, у ҳам мендан рози бўлса...
Кичик ўғил
У тилла балиқ эди. Бошида тожи ҳам борийди.
Агар кичик акам сирни очиб қўймаганида, катта акам уни энамга пишириб бермаганида... ўсиб-ўсиб бир куни росмана тилла балиқ бўларди. Ўшанда ҳаммамиз бориб, тутиб олардик, балиқ “Тила тилагингни” дерди, бизлар ҳам тилагимизни айтардик.
Энди мен нима қилай? Тилакларим, истакларим мўл эди, кимга айтай?
Фақат Худогами?.. Ёлғиз Худогами?