Қозоғистонда мухолифатга нисбатан таъқиб давом этмоқда

Қозоғистондаги Олға мухолифат партияси етакчилари Миллий хавфсизлик қўмитасига сўроққа чақиртирилди.

Рўйхатга олинмаган партиянинг Қизил Ўрда вилояти бўлими раҳбари Мухит Нурмаханнинг Озодликка айтишича, сешанба куни Миллий хавфсизлик қўмитасининг икки ходими партия идорасига келиб, унга ва яна уч фаолга чақиртирув қоғози ва партияга қарашли техникани мусодара қилиш тўғрисидаги буйруқни берган.

Партия раҳбарининг айтишича, унга ҳеч қандай тушинтириш берилмаган.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасидан бу ҳақда изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Олға партияси етакчиси Владимир Козлов январ ойида икки ойга ҳибсга олинган эди. Суд бошлангунча қамоқда қолиши айтилаётган Козлов Жанаўзен шаҳрида ижтимоий адоват келтириб чиқарганликда айбланмоқда. Декабр ойида Жанаўзенда рўй берган зўравонликлар оқибатида, расмий маълумотларга кўра, камида 16 киши ҳалок бўлган эди.