Европа Иттифоқи Грецияга янги шартлар қўйди

Люксембург Бош вазири Ж.К.Юнкер (ч) ва Греция Молия вазири Е.Венизелос.

Еврозона Молия вазирлари Греция дефолтга учрамаслиги учун бу давлатга молиявий ёрдам кўрсатиш хусусида қарор қабул қилишни кечиктирди ва 15 февралга қадар бажарилиши керак бўлган яна учта шарт белгилади.

Грециядаги сиёсий партиялар раҳбарлари халқаро кредиторлардан 130 миллиард евролик қарз олиш учун шарт қилиб белгиланган ислоҳотлар хусусида келишувга эришилганини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб Люксембург Бош вазири Жан Клод Юнкер Греция яна учта шартни бажариши кераклигини эълон қилди.

- Сўнгги кунларда эришилган муҳим муваффақиятга қарамасдан, бугун қарор қабул қилишимиз учун зарур бўлган шароит юзага келмади. Биринчидан, Греция парламенти 12 феврал кунги йиғилишида Греция ҳукумати билан ЕИ, Халқаро валюта жамғармаси ва Европа марказий банки ўртасида эришилган шартномани тасдиқлаши керак.

Иккинчидан, 2012 йилда бюджет камомадига йўл қўймаслик учун структуравий харажатларни яна 325 миллион еврога қисқартириш учун зудлик билан чоралар белгиланиши керак.

Учинчидан, коалициядаги партиялар раҳбарларидан ислоҳотлар амалга оширилиши тўғрисида кучли сиёсий кафолат берилиши лозим, - деди Люксембург Бош вазири.

Европа Иттифоқининг иқтисодий масалалар бўйича комиссари Олли Рейн еврозона давлатлари Афина ҳукуматини давлат қарзларини тўлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этишга мажбур қилиш масаласини “жиддий кўриб чиқаётгани”ни билдирди.

Греция 130 миллиард еврога тенг халқаро ёрдамни ололмаса, март ойида дефолтга учраши мумкин.