Ўзбек газеталари тожикчалаштирилмоқда

Тожикистонда 82 йилдан бери нашр этиб келинаётган яна бир ўзбек газетасининг номи тожикчалаштирилди.
Спитамен туман ҳокимияти масъулларидан бири Ҳофизи Умеджон Ҳайдарзоданинг Озодликка маълум қилишича, “Халқ сўзи” газетаси республика Маданият вазирлиги буйруғи билан тожикча ном олди. Газетанинг янги номи, расмийнинг айтишича, “Пайёми Спитамен” ( “Спитамен хабарлари” - таҳр,.).

- Бундан икки йил аввал Маданият вазирлигидан ҳукумат газетасининг номини “Давлат тили тўғрисидаги” қонунга мослаштириш борасида топшириқ олган эдик. Ундан ташқари бу гаезта келгуси сонларидан бошлаб 50х50, яъни икки саҳифаси ўзбекча, икки саҳифаси тожик тилида нашр қилинади, - дея билдирди Спитамен туман ҳокими муовини Ҳайдарзода.

1930 йилнинг 7 ноябридан чоп этила бошланган мазкур рўзнома, Спитамен туман ҳокимияти нашри саналади ва у давлат томонидан молиялаштирилади.

“Халқ сўзи” рўзномаси шу кунгача фақат ўзбек тилида нашр қилиниб келган. Аммо Сўғд вилоятининг Айний ва Мастчоҳ туманлари аҳолиси ўтган асрнинг 80- йиллари бошида Спитамен туманига кўчиб ўтганидан сўнг газетадаги айрим мақолалар тожикчага ўгрилган.

Спитамен туманида, расмий маълумотларга кўра, тахминан 200 минг аҳоли яшайди ва унинг 80 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.

Шундай бўлса-да, эндликда мазкур нашр тожикча ном олиш билан бирга ундаги мақола ва хабарларнинг тенг ярми тожик тилида бўлади.

Мавзу юзасидан “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Зулайхобону Ғойибназаровага сим қоқдик.

-Ҳа, шунуқа бўлиб қолди. Муштарийлардан хат тушганди, шуни кўриб чиқиб, шу номни қўйдик. Икита саҳифаси ўзбекча, иккита саҳифаси тожикча чиқади энди, - дер экан Ғойибназарова хоним: “газета номининг тожикчага ўгрилишидан ҳеч ким норози эмас” лигини қўшиб қўйди.

Бош муҳаррирнинг билдиришича, ҳукумат нашри бўлган бу рўзнома ҳафтада бир марта 2100 нусхада чоп этилади.

Спитамен туманида яшовчи Райҳонанинг айтишича, ўз саҳифаларида кўпинча ҳукумат фаолияти ва маҳаллий амалдорларга таҳсин айтган бу нашрга аксарият ўқитувчилар, давлат ходимлари обуна бўлган. “Оддий одамлар эса халқ дардини кўпроқ ёритаётган мустақил нашрлар билан қизиқади. Шунинг учун бўлса керак, газетанинг тожикча ном олишига ҳеч қандай муносабат билдирмаяпти”, деди Райҳона ўзаро суҳбатда.

Сўнгги бир неча йил давомида Тожикистондаги ўзбек синфлари ва мактаблари тожиклаштирилиши ортидан бу мамлакатдаги ўзбекча номи бўлган туманлар, маҳалла ва қишлоқларга ҳам тожикча ном берила бошланди. Расмийлар буни “Давлат тили тўғрисидаги” қонунни амалда тадбиқ қилиш”, дея изоҳлайди.

Бироқ мустақил таҳлилчилар эса бу тадбирларни “Ўзбекистон билан алоқалари заифлашган Тожикистон ҳукуматининг тожиклаштириш сиёсати” ўлароқ таърифлайдилар.

Бундан аввалроқ ҳам Сўғд вилоятида ҳукумат нашри саналган яна бир нечта ўзбек тилли газетага тожикча ном берилиб, ўша нашрларнинг ҳам тенг қисми тожик-форс тилида чопдан чиқа бошлади.

“Пролетар тонги” газетаси номи “Иқбол” га, “Сўғд ҳақиқати” “Ҳақиқати Сўғд”га, “Қадрият” “Ҳувият” га, “Сўғд юлдузи” эса “Ахтари Сўғд” га алмаштирилди.