Таълимдаги ислоҳотлар ўзини оқлаяптими?

Ўзбекистонда мукаммал таълим тизими яратилди дейилаётган бир паллада қишлоқ мактаблари ва коллежлар ўқувчилари ойлаб дарс соатларини далада ўтказмоқда.

Баҳс майдонининг навбатдаги сонида бухоролик ва фарғоналик мактаб ўқитувчилари мамлакат таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар қанчалик ўзини оқлагани ҳақида баҳслашади.
Ўтган ҳафтада Тошкентда “Юксак билимли ва интеллуктуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 48 давлатидан таълим тизими раҳбарлари, олимлар ва мутахасссислар иштирок этди.

Бу конференцияда нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов Ўзбекистонда таълим соҳасида чуқур ислоҳотлар олиб борилгани ва натижада бу соҳа мукаммал даражага етганини таъкидлади.

Ислом Каримовга кўра, "ўқитувчилар иш ҳақларининг ўсиш суръатлари иқтисодиётнинг реал соҳасидаги иш ҳақи миқдоридан тахминан 1,5 баробарга кўпроқ ўсган".

Бир сўз билан айтганда, ўқитувчиларга барча шароитлар муҳайё этилган, болалар юксак билимли ва интеллектуал ривожланган ҳолда мактаб, коллеж ва олийгоҳларни тугатяпти.

Бироқ ўзбекистонлик аксар ўқитувчилар таълим тизимидаги ислоҳотлар ишламаётгани, ўқитувчиларнинг иш ҳақлари кам эканлиги, ўқитувчиларнинг маҳаллий ҳокимиятлар мардикорига айланиб қолганлиги ва қишлоқ мактаблари ўқувчиларининг дала ишларига мажбуран жалб этилаётганини айтадилар.

Бугун ана шу мавзуда Фарғоналик ўқитувчи Мукамбархон Орипова ва бухоролик ўқитувчи Аброр Мақсудов баҳслашади:

Мукамбархон Орипова: Мен таълим соҳасида олиб борилаётган барча ислоҳотларни ёқлайман. Таълим соҳасига бугунги кунда берилаётган эътибор фидойи ўқитувчилар учун жуда ҳам ўринли, деб биламан. Бу эътибор келажагимизни юксалиши учун асос бўляпти, деб ўйлайман...

Аброр Мақсудов: Мен Ўзбекистонда таълим тизимида қилинаётган ишларни фақат бугунига эмас, балки бундан ўн йил олдин қилинганига ҳам норозиман. Чунки, мен фақат битта нарсани биламан, агар қайси мамлакатда бўлишидан қатъий назар, ўқитувчининг ойлигини ва маънавий жиҳатини юқори ўринга қўйиб, уни ҳурматламас экан, ўқитувчилар етиштирган мевалар(мен болаларни назарда тутяпман) ҳеч қачон пишмайди...

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Баҳс майдони: Таълимдаги ислоҳотлар ўзини оқлаяптими?