Шинжондаги тўқнашувда 20 киши ҳалок бўлди

Шинжон-Уйғур мухтор ўлкаси (харитада қизил рангда) узоқ вақтлардан буён этник асосдаги тўқнашувларга саҳна бўлиб келади.

Тўққиз миллион уйғур яшайдиган Шинжон мухтор ўлкасида 28 феврал куни яна қон тўкилди.
Маҳаллий расмийлар берган сўнгги маълумотларга кўра, сешанба куни Қашғар шаҳрида болта ва пичоқ билан қуролланган номаълум шахслардан иборат гуруҳ маҳаллий Ячанг бозоридаги кишиларга ҳужум қилган ва 13 кишини ўлдирган. Воқеа жойига етиб келган полиция “террорчи” деб аталаётган шахсларга қарши ўт очган ва улардан етти нафарини ўлдирган, ҳужумчилардан яна икки кишини ҳибсга олган.

Қароргоҳи Германияда бўлган Жаҳон уйғурлари конгресси эса мазкур воқеадан кейин полиция томонидан 84 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди. Конгресс вакилига кўра, бу каби зўровонликларнинг асоси Хитойдаги уйғурларнинг қатағон қилинаётгани эканини айтди.

Этник таранглик узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган Шинжон мухтор ўлкасида қарийб ҳар йили, баъзан эса йилда бир неча бор миллатлараро можаролар юзага келиб туради ва бундай тартибсизликлар чоғида ўнлаб, айрим пайтларда ҳатто юзлаб одам қурбон бўлади, яраланади.

Дейлик, 2009 йилда Шинжон маркази ҳисобланмиш Урумчида ханлар ва уйғурлар ўртасида юзага келган этник тўқнашувда 200 одам ўлган, 1700 чоғли киши тан жароҳати олганди.

Бундай можаролардан сўнггиси Шинжонда ўтган йил июлида содир бўлган бўлиб, зўравонликлар чоғида 18 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Хитой расмийлари ўшанда мазкур тартибсизликлар учун Покистонда тайёргарликдан ўтган "Шарқий Туркистон исломий ҳаракати"га аъзо экстремист диндорлар масъул эканини билдирганди.

Айни пайтда Жаҳон уйғурлари конгресси бу каби фожеаларга расмий Пекиннинг маҳаллий уйғурларга нисбатан юритаётган репрессив сиёсати сабаб бўлаётганини бот-бот такрорлаб келади.