Қирғизистон президенти, Бош вазири ва парламент раиси 2011 йилда олган даромадлари ҳақида қирғиз жамоатчилигини хабардор қилдилар.
Қирғизистонда мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб давлат раҳбарлари ҳар йили олган даромадалари ҳақида солиқ декларацияси тўлдирадилар.
Агар Қирғизистон давлат раҳбарлари топширган декларацияларга ишонадиган бўлсак, Қирғизистондаги энг камбағал амалдор Бош вазир Ўмурбек Бабанов ҳисобланади. Бош вазир ўз декларациясида хусусий автомобили ҳам, хусусий уйи ҳам йўқлигини қайд этган. У Бош вазир сифатида 2011 йилда 18903 доллар иш ҳақи олибди. Бош вазирнинг қариндошлари эса 2011 йилда 25 минг доллар атрофида даромад топишган.
Бишкекда нашр этиладиган “Деньги и власть” газетаси муҳаррири Турат Акимов Бош вазир эълон қилган солиқ декларациясига ишонмаслигини айтади:
-Амалдорлардан фақат депутат Наримон Тулеевгина 100 миллион доллар пули борлигини билдирган. Қолганлар эса ўз бойликларини қариндош –уруғлари номига расмийлаштиришган. Масалан, Бабанов ўз декларациясида хатто уйи ҳам йўқлигини кўрсатган. Аммо айни пайтда унинг онаси 21 миллион долларлик мулкка эгалик қилади. Бизнинг амалдорлар ва бойлар ўз маблағларини чет ўлкаларда ёки оффшор ҳудудларда сақлашади, -деди Турат Акимов.
Давлат раҳбарлари орасида президент Алмазбек Атамбаев декларацияда ўз даромдалари ҳақидаги маълумотларни беришга ҳалолроқ ёндошган. Президентнинг декларациясида Алмазбек Атамбаев 2011 йилда 4 минг доллар ойлик олганини, унинг қариндошлари 89 минг доллар даромад топишганини ёзган. Шунингдек, президент ўз декларациясида 5 миллион 100 минг долларлик мулки борлигини ҳам кўрсатган. Декларациядан маълум бўлишича, Қирғизистон президентнинг баҳоси 2 минг ва 4 минг доллар бўлган иккита эски шахсий машинаси ҳам бор.
Қирғизистонда мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлабоқ давлат раҳбарлари ва амалдорлар ҳар йили олган даромадалари ҳақида декларация топширишлари анъанага айланган. Бироқ бу декларациялардаги маълумотларнинг нақадар ҳақиқатга яқин эканинин текшириш механизми қирғиз қонунчилигида белгиланмаган.