Бан Ки Мун Пхенянни спутник учириш режасидан қайтишга чақирди

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Шимолий Кореяни космик йўлдош учириш режасидан қайтишга чақираётган ҳалқаро жамоатчиликка қўшилди.

Бан Ки Мун Пхеняннинг самога спутник учириш режаси БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкцияларига ҳилоф равишда эканини таъкидлади.

АҚШ, Россия ва Буюк Британия ҳам расмий Пхенянни ушбу режасидан воз кечишга чақирган.

Пхеняннинг космик йўлдош учириш режаси АҚШ билан Шимолий Кореянинг ядровий дастурни тўхтатиш ҳақида келишувга эришганидан бир неча ҳафта ўтиб, кутилмаганда эълон қилинди.

АҚШ билан келишувга кўра, ядровий дастурни тўхтатгани эвазига Пхенян озиқ-овқат бўйича кўмак олиши лозим.

Вашингтон Пхеняннинг самовий спутникни учириши келишувга зид эканини таъкидлади.

Шимолий Корея самога спутник учиришни Ким Ир Сен таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан апрел ойида ўтказишни режалаштирмоқда.