Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистонда LiveJournal блоггерлар портали ҳамда рус ва инглиз тилларида минтақавий хабар ва таҳлилий материаллар чоп қилаëтган CA News агентлиги сайти тўсиққа учради.
LiveJournal нафаси бўғилди
Ўзбекистон ичкарисидаги мустақил блоггерларнинг Озодликка маълум қилишича¸ ўтган ҳафта охирида LiveJournal оммабоп портали тўсиб қўйилган.
- Сайтнинг асосий саҳифаси очилади. Лекин блоггерларнинг Ўзбекистон ҳақидаги саҳифасини очмоқчи бўлсангиз¸ тўсиққа дуч келасиз, деб билдирди ўзини Тоҳир деб таништирган ўзбекистонлик блоггер.
Авваллари LiveJournal ўзбекистонликлар учун қисман очиқ бўлган. Бу жонли журналда Ўзбекистонда аввалдан тўсиб қўйилган қатор веб саҳифалари, жумладан Ferghana.ru ахборот агентлиги саҳифаси ўз кундалигига эга ва агентликнинг Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистонга оид хабарларини тўсиқсиз ўқиш мумкин эди.
- Бир неча йил аввал Салимбой ҳақида мақола берилганидан сўнг бу сайт Ўзбекистонда қисқа вақт тўсиққа учраган, кейин очилган эди. Ўтган ҳафтадан яна очилмаяпти, дейди LiveJournalда ўз саҳифасига эга бухоролик блоггер исми айтилмаслиги шарти билан.
LiveJournal оммабоп порталининг Ўзбекистонда тўсилишининг Россиядаги Путинга қарши норозиликлар билан боғлиқлиги тахмин этилмоқда.
Россиядаги “Адолатли сайловлар учун”, деб номланган норозилик тадбирларини мухолифат айнан ижтимоий тармоқлар орқали мувофиқлаштирган ва бунда LiveJournal блоггерларининг ҳам роли катта бўлган.
Шунингдек, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти каби Интернет эркинлигини кузатувчи халқаро гуруҳлар¸ Ўзбекистон ҳукуматини Тунис, Миср ва Ливияда юзага чиққан халқ исëнида бирлаштирувчи куч бўлиб хизмат қилган ижтимоий тармоқлар потенциали ҳам хавотирга солаëтганини айтмоқда.
CA Newsнинг Ўзбекистонга оид хабарлари тўсилди
Айни пайтда ўтган ҳафта Марказий Осиёдаги беш давлатдан рус ва инглиз тилларида хабар ва таҳлилий материаллар бериб борувчи CA News ахборот агентлиги веб саҳифасига ҳам қисман тўсиқ қўйилди¸ дейди агентлик веб муҳаррири Самад Алтинбеков.
- Ўзбекистонда сайтимиздаги алоҳида мақолаларга тўсиқ қўйилган, асосий саҳифага кириш мумкин, Ўзбекистон бўйича алоҳида мақолалар очилмайди, дейди Алтинбеков.
Uznews.net, Ferghananews.com, Ozodlik,org ва Ўзбекистонга оид кундалик воқеаларни ёритаётган бошқа мустақил сайтларга ҳам Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган.
Айни пайтда¸ Интернетдан фойдаланишни яхши биладиганлар мунтазам равишда ҳукумат тўсиқларини айланиб ўтувчи проксилардан фойдаланишади.
Ўзбекистон ҳукумати бир неча йилдан бери маркази Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг "Интернет душманлари" рўйхатидан жой олиб келмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати¸ хусусан президент Ислом Каримов мамлакатда мустақил ва мухолиф Интернет нашрларнинг тўсиб қўйилишига оид танқидларни рад этиб келмоқда.