АҚШ президенти ядровий хавфсизлик масаласига бағишланган халқаро анжуманда қатнашиш учун Корея Республикаси пойтахти Сеулга борди.
Барак Обама Корея Республикаси президенти Ли Мён Бак билан ҳам сўзлашув олиб борди.
АҚШ президенти Барак Обама 25 март куни икки корейс давлатини ажратиб турган демилитаризация ҳудудига борди. Обама чегара кузатув постида навбатчилик қилаётган АҚШ ҳарбийлари билан учрашиб вазиятни яқиндан ўрганди.
АҚШ раҳбари ядровий терроризм хавфи ва унга қарши кураш мавзуида 26 – 27 март кунлари Сеулда бўладиган халқаро анжуманда қатнашади.
Тадбирда 50дан ортиқ давлат раҳбари иштирок этиши кутилмоқда.
Барак Обаманинг Жанубий Кореяга ташрифи Шимолий Корея апрел ойида узоқ масофага учадиган ракета синовини ўтказиш режаси хусусида муносабатлар таранглашган пайтга тўғри келди. Пхенян ракета сунъий йўлдошни Ер орбитасига олиб чиқишини иддао қилган.
Жанубий Корея президенти Ли Мёнг Бак билан якшанба кунги сўзлашувда Обама Шимолий Кореяни “таҳдидлар ёки провокациялар орқали ҳеч нарсага эриша олмаслиги” ҳақида огоҳлантирди.
- Улар ёмон хатти-ҳаракат тақдирланмаслигини тушунишлари керак. Ўн йиллар давомида Шимолий Корея агар провокация ҳаракатини амалга оширса, уни тўхтатиш ёки олдини олиш учун пора беришади деб ўйлаганига мисоллар келтириш мумкин, - деди АҚШ президенти.
Вашингтон расмийлари Пхеняннинг ракета синовини ўтказиш режаси АҚШ томонидан Шимолий Кореяга озиқ-овқат ёрдами кўрсатилиши ҳақидаги келишувни хавф остига қўйишини таъкидлаган.
Шимолий Кореянинг ядровий дастури борасида Пекиннинг роли ҳақида сўзлаган АҚШ президенти халқаро ҳамжамият, жумладан, Хитой Шимолий Кореянинг ядровий қуролга эга бўлишини хоҳламаслигини айтди.
- Менимча, Хитой Шимолий Корея ядровий қуролга эга бўлишини чиндан ҳам хоҳламайди. Бунинг учун шу йўлда саъй-ҳаракат қилиш лозим, - деди Барак Обама.
Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак билан учрашувда Обама ўзаро ҳамкорлик ва томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилди.
Айни пайтда, Барак Обама Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ҳам учрашди.
Музокарада Суриядаги вазият муҳокама қилинди.
Анадўли ахборот агентлиги хабарига кўра, Эрдўғон АҚШ президентига халқаро ҳамжамият Суриядаги вазият борасида қатъий ҳаракат қилиши кераклигини айтган.
Туркия Бош вазирига кўра, сўнгги бир йил давомида уруш ҳаракатлари сабаб 17 минг суриялик ўз уйларини ташлаб, Туркия ҳудудига қочиб ўтган.