Тошкентдаги “заправка”да портлаш рўй берди

Тошкентдаги MQ-Servis станциясидаги портлаш. (Сурат Gazeta.uz сайтидан олинди)

1 апрел куни Тошкентдаги MQ-Servis номли автомобилга ёқилғи қуйиш шаҳобчаси (АЁҚШ)да иккита портлаш рўй берди.

"Заправка"да аввал ёнғин, кейин портлаш бўлди


Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган халқаро аэропорт олдида, кўприк яқинидаги MQ-Servis номли АЁҚШдаги портлаш маҳаллий вақт билан соат 10:50да рўй берган.

Озодлик манбаларига кўра, портлаш овози бир неча километр нарида ҳам эшитилган.

АЁҚШ ходимлари айтганига асосланиб, Gazeta.uz Интернет нашрининг маълум қилишича, ёқилғи резервуари (цистерна) ёниб кетган.

Ўт ўчирувчилар ёнғинга қарши ярим соатдан кўп курашган.

Озодлик илтимосига кўра воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганган ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғлига кўра, станцияда аввал ёнғин келиб чиққан ва кейин портлаш бўлган.

Портлашдан кейин станция орқасидан ўтган темир йўлда вагонлар тўхтатиб қўйилган. (Сурат Olam.uz сайтидан олинди)

- Станцияда олдинига ёнғин келиб чиққан. Ўт ўчирувчилар келиб ўчиришга ҳаракат қилган, лекин ўчира олмаган ва кетма-кет 2 та катта портлаш содир бўлган. Станция атрофидаги дўконлар ва бошқа обеъктларга ҳам катта шикаст етган. Станциянинг орқа тарафидан темир йўл ўтган. Ҳозир вагонлар тўхтатиб қўйилган. Портлаш натижасида атрофга жуда кўп бензин оқиб кетган. Меимча темир йўлга ҳам бензин оқиб тушган ва шунинг учун вагонлар тўхтатиб қўйилган, дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Гувоҳлар: жабрланганлар бўлди


Воқеани ўрганиш учун 1 апрел куннинг иккинчи ярмида станцияга борган тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, гувоҳлар портлаш натижасида жароҳатланганлар бўлгани ҳақида гапирган.

- Мен борган пайтимда 8та ўт ўчириш машиналари турган эди. Улар ёнғинни бартараф қилиб бўлган экан. У ерда милиция формасидаги одамлар, фуқоралик кийимидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўп эди. Кейин ​Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг хизмат машиналари бор эди. Мен борган пайтимда эндигина ҳаракатланишга рухсат берилган эди. Ўша жойда гаплашганимда портлаш натижасида расмийлар қурбонлар бўлмади деб айтишди.

Ёнғинни бартараф этиш учун 8 та ўт ўчириш машинаси жалб қилинган. (Озодликнинг мобил мухбири олган сурат)

Лекин айрим гувоҳларнинг айтишича, станцияда ишлайдиган оператор болаларнинг бир-иккиталари жароҳатланган ва Тез тиббий ёрдам машинаси келиб, шифохонага олиб кетишгани ҳақида гапиришди. Бироқ бу бўйича расмий тасдиқ олиш имкони бўлмади. Воқеа гувоҳларига кўра, қисқа туташув пайтида ёнғин хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаган ва ёнғин чиқиб, битта цистерна портлаб кетган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Портлаш бўйича иш очилди


Айни пайтда Яккасарой туман прокуратураси MQ-Servis номли АЁҚШдаги портлаш юзасидан жиноий иш қўзғатган.

РИА- Новости агентлиги гувоҳларга таяниб, портлаш натижасида станцияда бўлган кишилар ва станция яқинидан ўтаётган йўловчилар орасида жабрланганлар бўлгани ҳақида хабар қилди.

Яккасарой туман прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, портлаш натижасида одамлар орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

Яккасарой туман Ўт ўчириш хизмати навбатчиси MQ-Servis станциясида содир бўлган портлаш натижасида келиб чиққан ёнғин мувафаққиятли ўчирилгани ва ҳозирда портлаш сабаблари ўрганилаётганини билдирди.

Ҳозирда станция атрофи милиция билан ўраб олинган.

Гувоҳларга кўра, ёнғин бошланган дастлабки дақиқаларда кўприкка кўп машина ва одам тўпланиб, ёнғинни кузатган.

Қисқа фурсатда кўприкдаги одамлар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан тарқатилган.

Портлашдан кейин кичик ҳалқа йўлининг Қушбеги массивидан Шимолий вокзал- "Тошкент" темирйўл вокзалигача бўлган қисмида автомобил қатнови тўхтатилган.

Портлашдан кейин станция яқинида жойлашган дўкон ва автосервисларнинг барчаси ёпиб қўйилган.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ўзини таништирмаган маъсул ходими Яккасарой туманидаги ёнилғи станциясида портлаш содир бўлганини тасдиқлади, бироқ тафсилотлар учун ташкилотга ёзма мурожаат қилиш шартлигини айтди.

Портлаш маҳаллий матбуотда зудлик билан ёритилди


Станцияда портлаш содир бўлганидан саноқли вақт ўтиб, Ўзбекистондаги мустақил Интернет нашрлари бу ҳақда хабар берди.

Ўзбекистонда аввал кузатилмаган бу ҳолат яъни маҳаллий матбуот воқеани зудлик билан ёритиши натижасида кўпчилик портлашдан тезликда хабар топди.

Биринчилардан бўлиб портлашни ёритган Olam.uz ва Gazeta.uz сайтлари воқеа жойидан суратлар ҳам эълон қилди.

Youtube видео порталига портлаш гувоҳларидан бири томонидан жойлаштирилган видеода MQ-Servis станциясидаги ёнғин кўламининг қанчалигини кўриш мумкин:


http://www.youtube.com/embed/xzwYilzryZ8

Жорий йилнинг 7 ва 8 март кунлари Тошкентнинг Учтепа тумани ва Қўйлиқ массивидаги электр тақсимлаш станцияларида ҳам портлаш содир бўлган эди.

Мазкур авария сабаблари очиқланмади. Бироқ рўй берган авариялар оқибатида минглаб аҳоли бир кун давомида электр қувватисиз қолган эди.