Качалово бозорида ўлганларнинг рўйхати эълон қилинди

Москвадаги Качалово бозоридаги ёнғинда ҳалок бўлганлардан ўн бир нафарининг исми шарифи эълон қилинди.

Улардан ўн нафари Ўзбекистон фуқароси, бири тожикистонлик.

Ҳали олти кишининг шахси аниқланмаган.

3 апрел куни соат тонгги 5 ларда Качалово бозорига тегишли омборлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида 17 одам ҳалок бўлган.

Булар Ўзбекистон фуқаролари бўлган Б.Б. Элбоев (1974), Г.Х. Шодмонқулов (1973), С.Е. Пардаев (1983), П.Б. Астанқулов (1990), И.З. Бердиев (1987), Ж.М. Махсимқулов (1991), С.С. Махсимқулов (1982), М.С. Махсимқулов, (1977), С.Х. Ғозиев (1991), У.М. Махсимқулов (1986) ва Тожикистон фуқароси 1975 йилда туғилган Э.Б. Болтабоевдир.

Качалово бозорида яшаган ўзбекистонлик йигитларни таниган Тожикистонннинг Шаҳртузидан бўлган 29 ёшли Баҳодирнинг сўзларига кўра, қурбонларнинг деярли барчаси Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани Хўжа Мулки маҳалласида яшаган.

Озодлик Қумқўрғондаги Хўжа Мулки маҳалласи билан боғланганда, маҳалла фаоллари воқеадан хабар топганликларини, ҳозирда, буни ўрганаётганликларини айтишди.