Зангиота ва Бухорода диндорлар ҳибсга олинди

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи 2012 йил 25 мартдан бери Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Бухоро шаҳрида диндорларни ноқонуний равишда ҳибсга олиш давом этаётганини билдирди.

Қўлга олинган шахслар яқинларига асосланиб ташкилот 6 апрел куни эълон қилган баёнотга кўра, 5-8 милиция ходимидан иборат гуруҳ ёш диндорлар уйларида ноқонуний тинтувлар ўтказиб¸ уларни ўзлари билан олиб кетган.

Диний экстремизмда гумонланган шахсларнинг қаерда сақланаётгани тўғрисида яқинларига маълумот берилмаган.

Айбловга иқрор қилдириш учун қўлга олинганлар қийноққа солинган.

Бухоро шаҳридаги ҳибсга олишлар 2012 йил 31 мартда бошланган.

Баёнотга кўра, шу кунга қадар Бухорода 14 диндор қўлга олинган. Улар яқинлари ва ҳуқуқ фаоллари сохта айбловга иқрор қилдириш учун маҳбусларнинг қийноққа солинаётгани тахмин қилмоқда.