Путин парламент олдида сўнгги ҳисоботини топширади

11 апрел куни Россия Бош вазири Владимир Путиннинг Давлат думасида ҳукумат фаолияти ҳақидаги йиллик ҳисобот билан чиқиши кутилмоқда.

Кузатувчилар Путиннинг бош вазир сифатидаги сўнгги ҳисоботида гап асосан ижтимоий-иқтисодий масалалар атрофида бўлишини тахмин қилмоқдалар.

Путин чиқишидан сўнг Думадаги барча фракциялар унга бир неча савол билан мурожаат қилиш имконига эга бўладилар.

Шу йилнинг 4 март куни Россияда ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонган Владимир Путин тақрибан бир ойдан сўнг мамлакат президенти ўлароқ фаолият юрита бошлайди.

Бугун Россия мухолифати фаоллари Путин ҳисоботи тингланиши кутилаётган Давлат думаси олдида флэш-моб шаклида “Оқ Дума” тадбирини ўтказмоқчилар. Рухсат этилмаган мазкур тадбир иштирокчилари, “Сўл жабҳа” (“Левый фронт”) мувофиқлаштирувчиси Сергей Удальцовга кўра, “Ҳалол сайловлар учун” кампаниясининг рамзи бўлмиш оқ тасмалар таққан ҳолда Дума биноси олдида сайр қилиб юриш ниятидалар.