Сурияда ўт очиш тўхтатилди

Сурияда 12 апрел куни эрталаб соат 6 дан бошлаб, БМТ ва Араб Давлатлари лигаси махсус вакили Кофи Аннан режасига мувофиқ ҳукумат ва мухолифат кучлари ўт очишни тўхтатиш битими амал қила бошлади.
Дамашқ ҳукумати 12 апрел тонгдан бошлаб, Кофи Аннаннинг тинчлик режасига амал қилиб, ҳарбий амалиётларни тўхтатишга розилик билдирди. Сурия мухолифатчилари ҳам ўт очмасликка ваъда берди.

Башар ал-Ассад ўт очишни тўхтатиш режасига амал қилишини, бироқ қуролланган гуруҳлар хужум қилса, жавоб қайтарилишини маълум қилди.

Кофи Аннаннинг тинчлик дастури режасига кўра, Сурия ҳукумати ўт отишни 10 апрел куни тўхтатиши керак эди. Мухолифат ва ҳукумат кучлари ўртасида ўтган икки кун давомида отишмалар давом этгач, янги мухлат 12 апрел эрталаб соат 6 га белгиланди.

БМТ ва Араб Лигаси махсус вакили Кофи Аннаннинг тинчлик дастури уруш ҳаракатларини дарҳол тўхтатиш, ҳукумат ва мухолифат ўртасида музокаралар бошлаш ва жабрланган аҳолига халқаро гуманитар ёрдам етказишни назарда тутган. Шунингдек, БМТ қўллаб-қувватлаган ушбу тинчлик режасига мувофиқ Сурия ҳукумати шаҳар, қишлоқлардан танк ва қўшинларни олиб чиқиши лозим.

Ал-Ассад мухолифатга халқаро кўмак тўхтатилиши эвазига, бу режаларга амал қилишни ваъда қилган.

Сурия ҳукуматининг ўт очишни тўхтатиш келишувига узоқ муддат амал қилишига шубҳа билдирилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, ўт очишнинг тўхтатилиши натижасида Ассад истеъфосини талаб қилиб, оммавий намойишлар кучайиши мумкин.

Сурияни тарк этган қочқинлар ҳам Ассад режимининг ўт очишни тўхтатишга узоқ вақт амал қилишига ишончсизлик билдирмоқда.

Туркиядаги қочқинлар лагерида яшаётган сурияликлардан бири Ассаднинг ўз сўзида туришига умуман ишонмаслигини айтади.

- Ассад алдаяпти. У урушни тўхтатмайди. Агар у қўшинларни олиб чиқса ҳам, кейин ҳаммасини бошидан бошлайди. Биз янгиликларни кузатяпмиз. У қўшинларни олиб чиқиши ва ўт очишни тўхтатганини айтди. Бироқ у алдаяпти,- дейди Туркия лагеридаги суриялик қочқинлардан бири.

Сурияда ўт очиш тўхтатилгани айтилаётган бир пайтда, мамлакатда уч нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилгани ҳақида хабар қилинди.

Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабарига кўра, 12 апрел куни Ҳама вилоятидаги назорат-ўтиш пунктида ҳукумат кучлари томонидан бир нафар тинч аҳоли вакили отилган.

Суриядаги ҳуқуқ фаолларига кўра, Дамашқ шимоли-шарқида Ассад режимига қарши ўтказилган намойиш пайти намойишчиларга ҳукумат ҳарбийлари ўт очган пайтда яна икки киши ўлган.

Ҳозирда ушбу хабарлар бошқа манбалар томонидан тасдиқланганича йўқ.

Сўнгги бир йил давомида Сурияда қуролли тўқнашувлар натижасида 9 мингдан зиёд одам ўлдирилган.