Интернет тармоғида Ўзбекистонда мажбурий стерлизация олдини олишга қаратилган петиция бормоқда.
Force change глобал тармоғида эълон қилинган петицияда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтондан Ўзбекистон ҳукуматидан аёлларни бичишга қаратилган дастурдан воз кечишни талаб қилиш сўралмоқда.
Дунёнинг турли давлатларида истиқомат қиладиган ёзувчи, журналист, тадқиқотчи, зиёли ва талабалар аъзо бўлган тармоқ вакиллари дунё давлатларида инсон ҳуқуқлари, экология, сиёсат, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳукуматлар сиёсатини кузатиб боради ва жамоатчилик диққатини тортган муҳим масалалар бўйича петициялар эълон қилади.
Ушбу гуруҳнинг навбатдаги имзо йиғиш акцияси Ўзбекистондаги стерилизация жараёнига қаратилди.
АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга мурожаат қилинган петицияга чақириқ мактубида, жумладан, шундай дейилади:
“Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шифокорларга зарурий тиббий муолажалардан ўтаётган аёлларни уларни хабардор қилмаган ёки уларга тўлиқ тушунтирмаган ҳолда стерилизация қилиш имконини берувчи қонунни қабул қилди. Президент Каримов режими инсон ҳуқуқларини бузиб келаётганига қарамай, Ўзбекстон АҚШдан ҳарбий ёрдам ва пул олади. АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонда содир бўлаётган оммавий мажбурий стерлизация жараёнини ошкора қоралаши ва бу қонун бекор қилишиа эришилгунига қадар жазо чораларини қўллаши шарт”, дейилади Force change интернет тармоғида эълон қилинган петицияга чақириқ мактубида.
Айни пайтда тармоқ фаоллари интернет фойдаланувчиларини петицияга жалб қилар экан, бу билан АҚШ Давлат котибининг айни масалага эътиборини тортишга ҳисса қўшишга чақирмоқда.
Ўзбекистонда сўнгги 3 йилдан буён аёлларни оммавий равишда ситрелизациядан ўтказиш жараёни кузатилмоқда.
Бу борада Озодлик ва бошқа қатор мустақил ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари давомли чиқишлар қилиб келмоқда.
Аёллар уларнинг деярли мажбурий, баъзи ҳолларда эса ихтиёрий-мажбурий равишда стерилизация қилинаётганидан нолиб, Озодликка ҳам кўп бор мурожаат қилган.
Озодлик мухбирлари эса бундай мурожаатлар ортидан айни жараённи тан олган ва мамлакат ҳукумати кўрсатмаси остида аёлларни стерилизация амалиётидан ўтказаётган шифокорлар билан ҳам кўп бора суҳбатлашган.
Расмийлар билан суҳбатлар чоғида бу жараён ИЖК – Ихтиёрий Жарроҳлик Контрацепцияси, деб номланган эди. Яъни, жараёнга мутсадди бўлган соғлиқни сақлаш ташкилотлари аёллар уларнинг розилиги билан стерилизация қилинаётганини таъкидлаб келади.
Бироқ Озодликка сўзлаган кўплаб шифокор бу жараённинг ихтиёрий-мажбурий эканини тан олган эди.
Расмий Тошкент бу борада бир неча бор раддия эълон қилган.
Улардан сўнггисида “Ўзбекистонда контрацепциядан фойдаланиш ва айниқса, жарроҳлик стерилизацияси бўйича вақти-вақти билан матбуотда пайдо бўлаётган нотўғри маълумотлар ўз исботини топаётгани йўқ”, дейилган эди.
Аммо, расмий баёнотнинг зиддидан сўзланган мурожаатлар Озодликка ҳануз келиб турибди.
Улардан сўнггисида ИЖК амалиётидан деярли мажбурий равишда ўтказилганини айтган 27 ёшли келинчак Гулнора (хавфсизлик нуқтаи назаридан исми ўзгартирилди-таҳр.) мажбурий стерилизация жараëнининг ҳамон давом этаëтганини айтган эди.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон бўйлаб¸ президентнинг репродуктив саломатликни асрашга оид фармони асосида амалга ошириб келинаëтган ИЖК амалиëти жараëнида қанча аëлнинг мажбуран бичилганига оид аниқ рақамлар йўқ.
Айни пайтда¸ ўзи ва оиласига давлат идоралари босимидан қўрққан аëлларнинг аксари ўзининг мажбуран бичилгани юзасидан ҳуқуқ идоралари¸ хусусан судларга мурожаат қилишдан чўчимоқдалар.
Бунинг оқибатида Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат бўйлаб¸ хусусан қишлоқ жойларда туғилишни камайтириш мақсадида икки ва ундан кўп фарзанд кўрган аëлларни ялпи стерилизация қилаëтганига оид даъволарни конкрет фактлар асосида тасдиқлаш қийинлигича қолмоқда.