ЕИ расмийлари Украинадаги ўйинларга бормаслиги мумкин

Европа Иттифоқининг бир қатор расмийлари Украинада бўладиган футбол бўйича Европа чемпионатига бормаслиги мумкинлигини айтишмоқда.

Улар орасида Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануел Баррозо, Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кетрин Эштон ва Германия канцлери Ангела Меркел бор.

Бундай қарорга Украина қамоғида сақланаётган муҳолифат етакчиси Юлия Тимошенкога нисбатан бўлаётган ёмон муомала сабаб бўлган.

Жаноб Баррозонинг матбуот вакили Пиа Хансен: "Киев ҳукумати Тимошенконинг аҳволи билан боғлиқ ўта ташвишли масалани ҳал этмас экан, ЕИ комиссияси раҳбари Украинага бормайди", деб айтди.

Ангела Меркел эса Германия вазирларини Украинада ўтадиган футбол чемпионатига бормасликка чақирди.

Собиқ бош вазир Юлия Тимошенко ўз ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилган ва 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Бир неча кун олдин 51 ёшли Тимошенко ўзининг қамоқхонада калтакланганидан шикоят қилган эди.

Бу йилги футбол бўйича Европа чемпионати ўйинлари 8 июндан 1 июлгача Полша ва Украина стадионларида бўлиб ўтади.