Ўзбекистонда 14 протестант жаримага тортилди

Ўзбекистонда насронийликнинг турли оқимларига эътиқод қилувчилар расмийлар таъқибидан шикоят қилиб келади.

Ўзбекистонда протестантлар черковининг 14 аъзоси “санкцияланмаган йиғин” ўтказгани важидан маъмурий жавобгарликка тортилди. Диний эркинликлар масаласи билан шуғулланувчи Forum 18 ташкилотига кўра, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи Наталья Ким исмли фуқаро уйига, унинг диндошлари келган пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бостириб кирган. Озодликка маълум бўлишича, уч ярим миллион сўмдан ортиқ жарима солинган Наталья Ким шу кунларда Москвада саратон касаллигидан даволанмоқда.
“Ўзбекистон диний эркинликлардан давлат назоратидан ташқарида фойдаланаётган одамларни жазолашда давом этмоқда”, дея ёзди маркази Норвегияда жойлашган Forum 18 ташкилоти. Бу таъкидига мисол ўлароқ, диний эркинликлар масаласи билан шуғулланувчи ташкилот шу йилнинг 27 феврал куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида рўй берган воқеа ҳақида хабар қилди.

Бу воқеа насронийликнинг протестант мазҳабига эътиқод қилувчи Наталья Ким исмли 38 яшар аёлнинг уйига диндош меҳмонлари келган пайтда рўй берган.

Воқеа ҳақида Натальянинг ўзи Озодликка гапириб берди. Унинг айтишича, ҳақиқатан 27 феврал куни унинг уйига 10 дан ортиқ меҳмон келган ва улар диний маросим ўтказишган.

- Биз диний мавзудаги ўқув машғулотини ўтказаётган эдик. Тушга яқин уйимнинг эшигини уч эркак тақиллатди. Ким десам, “очинг, уйингизда бомба бор, бу ҳақда қўшнилар хабар қилишди”, дейишди. Мен аввалига очмадим, лекин улар қўшимча хавфсизлик ходмларини чқириб, эшикни бузиб кириш билан таҳдид қилганидан кейин очишга мажбур бўлдим. Шунда тахминан 8-10 киши бўлиб уйга бостириб киришди, дейди ҳозирда Москвада бўлган Наталья.

Унинг айтишича, тинтув ўтказиш учун ҳеч қандай рухсатномани кўрсатмаган милиция ходимлари, гўёки бомба қидириш баҳонасида ҳамма ёқни, жумладан меҳмонлар сумкаларини текшира кетган. “Уйдаги менга тегишли китобларнинг ҳаммасини мусодара қилишди”, дея давом этади Наталья.

- Кейин меҳмонларнинг ҳаммасини туман милиция бўлимига олиб кетишди. Мени уйда қолдиришди. Меҳмонларни тўрт соатча бўлимда ушлаб туриб, ҳар хил саволлар беришган. Менга қарши кўрсатма беришга ундашган, лекин, табиий, ҳеч ким бунга рози бўлмаган, дейди юқори-чирчиқлик протестант Наталья.

Орадан бир-икки кун ўтиб Натальяни маҳалла фуқаролар қўмиатсига чақиртириб суҳбатлашишган.

- Участка нозири, маҳалла раиси, мулла чақиртириб, қилаётган ишинг яхшимас, деб айтишди. Мен уларга, ҳаммангиз ўқимишли одамсизку, ахир бизда эътиқод эркинлиги қонун билан кафолатланган, мен шу ҳуқуқдан фойдалана олмайманми, дедим, дейди Наталья.

27 февралдаги ҳодисадан бери Натальяга шифокорлар саратон касаллиги ташхисини қўйган. У ўзи қатнаша олмаган суд қарори билан энг кам иш ҳақининг 60 баробари миқдорида жаримага тортилган.

- Мен судга чақирув қоғозини 10 апрел куни олдим, суднинг ўзи эса 9 апрел куни бўлиб ўтган. Яъни унда ўзимнинг қатнашишимга имкон берилмади. Ундан кейин эса, менга саратон касаллиги диагнози қўйилди. Шифокорларнинг маслаҳати билан даволангани Москвага келиб, ҳозир шу ердаман, дейди Наталья.

Forum 18 ташкилотига кўра, Наталья Кимга 3 775 200 сўм миқдорида жарима солинган. “Санкцияланмаган йиғин”нинг бошқа иштирокчилари 300 мингдан 600 минг сўмгача бўлган миқдорда жаримага тортилган.

Озодлик мухбири бу хусусда расмийлардан изоҳ олиш имконга эга бўлмади, лекин Forum 18 вакили Наталья Ким ишини тергов қилган милиция ходими Фарҳод Раҳимқулов билан суҳбатлашиб, бу ҳақда сўраганда у “маҳаллада нима рўй бераётганини кузатиб, назорат қилиш маҳаллий милицянинг бурчи”, дея жавоб берган. “Сиз ҳам уйингизда меҳмон кутиб турганингизда, милиция гуруҳи уйингизга бостириб кирса бўларканда”, деган эътирозга Раҳимқулов ўзининг Наталья Ким уйига бостириб кирган гуруҳ аъзоси бўлмаганини айтган.

Жарима ҳақидаги қарорни чиқарган суд вакили эса, Наталья Кимга солинган жариманинг катталигини унинг бундан аввал ҳам айни ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жавобгарликка тортилгани билан изоҳлаган. (Маълум бўлишича, Наталья Ким 2009 йилда ҳам айни айбловлар билан жавобгарликка тортилган.)

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни фуқаролар эътиқод эркинлигини бостиргани учун танқид қилиб келади. Бунда нафақат насронийлар, давлат назоратидан ташқари, диний амалларини бажариб келадиган мусулмонлар ҳам қаттиқ сиқувга олинган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон қамохоналарида диний айбловлар билан қамалган 10 мингдан зиёд мусулмон бор.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистонда 14 протестант жаримага тортилди