Хайрулла Ҳамидов ҳаëти миш-мишлар марказида

Хайрулла Ҳамидов.

Озодликка сим қоққан айрим ўзбекистонликлар диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидовга оид совуқ хабарлар эшитиб¸ хавотирга тушганларини билдирдилар.

Ўзини Хайрулла Ҳамидовнинг мухлиси деб таништириб, Намангандан қўнғироқ қилган 25 яшар ганчкор уста йигит ўзи ихлос қўлган воизнинг кейинги тақдири билан қизиқди.

Бундай қизиқишимга Хайрулла Ҳамидов борасида Наманганда тарқалган турли миш-мишлар сабаб бўлди, дейди уста йигит.

- Мен Намангандан телефон қилаëтган эдим. Бизга Хайрулла Ҳамидов ҳақида маълумот керак эди. Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдикда. Гап тарқалдида Наманганда. Ўшанга маълумот керак эдида бизга. У кишини қўйиб юборишадими ëки йўқми¸ деган саволга жавоб топмоқчи эдикда.

Озодлик: Сиз Хайрулла Ҳамидовнинг мухлиси бўласизми?

- Ҳа, энди мухлисда. Бунақа инсонларнинг мухлиси кўп бўладику ака. Бу инсон чиройли гапларни гапирдида. Ҳақиқат гапларни гапирди. Нимадир қилиб бекордан бекорга қамаб юборишдида. Жалкода. Бекорга қамоқда вақт ўтаяпти. Ташқарида бўлса, қанчадан қанча маъруза қилиб халқига қўлидан келганча нима қилардию, қамаб қўйишгани чатоқ бўлдида. Бекордан бекорга қамаб қўйишдида. Нима кераги бор? бу бола ëмон гапирмади. Бир чиройли гапларни гапирди. Анча инсон ибрат олди бундан. Бу кишини тезроқ қўйиб юборади деган умиддамиз энди, дейди наманганлик уста йигит.

Наманганлик уста йигитнинг илтимосига биноан Хайрулла Ҳамидовнинг волидаси Муқаддас опага қўнғироқ қилдик.

Озодлик билан суҳбатда Муқаддас опа ўғлининг ҳануз қамоқда қолаëтгани ва сиҳати яхшилигидан гапирди.

- Ҳеч ким билмайди, ҳали амнистия берилмадию. Берилгани йўқку буларга. Олти йилликка тушмадию Хайрулла. 5 йилликларга берилиб, олти йилликларга бўлмадию.

Озодлик: Бу яқинда бориб кўриб келдингизларми?

- Хотини кетган, ҳали келгани йўқ. Худо хоҳласа¸ эртага келиб қолар. Келишсин қани, нима гап, нима сўз биламиз. 3 кунлик свиданиега кетишган.

Озодлик: Соғклиқлари, кайфиятлари яхшими?

- Ишлаб юрибди¸ нима қилсин.

Озодлик: Шикоят аризаси ëздингизларми ишни қайта кўриб чиқиш маъносидами ëки авф қилиш маъносидами?

- Бориб келсин қани шунга ҳаракат қилиб турибмиз ҳозир. Худо хоҳласа¸ 3 йил бўлганда нима бўлиб қолар конституция кунларига. 20 йиллигига катта амнистия бор эканку. Ўшаларга умид қилиб ўтирибмиз энди. Қўлимиздан нима келади. Бекорга миш-миш.

Озодлик: Ўшанга телефон қилаëтган эдим. Намангандан телефон қилишди аҳволи унақа экан, бунақа экан деб.

- Бекор гап. Яхши юрибди ишлаб. Ўзининг азобини ўзи тортаяпти. Ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди энди. Худо хоҳласа¸ қачон насибаси қирқилса, келади. Бошқа иложимиз йўқ. Ëздик, ҳамма жойларга жўнатдик. Энди Худо хоҳласа¸ умидимиз мана шундан бўлиб турибди. 20 йиллик конституцияга катта амнистия бўлса, тушиб қолар энди. 3 йил бўлиб қолди. Инсоф берсин ҳаммага, дейди Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа.

36 яшар Хайрулла Ҳамидов “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган.

Қамалгунга қадар у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Хайрулла Ҳамидов 2010 йилнинг 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

2010 йил 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаган ва унинг озодликка чиқарилишини сўраб келмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Хайрулла Ҳамидов ҳаëти миш-мишлар марказида