Қирғиз “ватанпарварлари” қирғиз аëлларини хўрламоқда

"Қирғиз патриотлари" Айнани калтакламоқда.

Кейинги ойлар ичи Интернетда кетма-кет пайдо бўлган видеоларда ўзини “қирғиз патриотлари” деб атаган қирғиз эркакларининг Россияга иш излаб келиб¸ бу ерда бошқа миллат вакиллари билан яқинлашган қирғиз аëлларини уриб¸ сўкиб¸ таҳқирлагани акс этган.
Қирғизча "миллатпарварлик"

Интернетга қўйилаëтган видеоларда айни манзара акс этади – қирғизча гаплашаëтган бир неча эркак оëқлари тагида ëтган яланғоч аëлни тепкилашади¸ муштлашади¸ сочларини тортади ва уни қирғизчасига қарғайди.

Айрим видеоларда аëлнинг қошларини қиришади¸ унга пичоқ ўқталиб¸ ўлдириш билан таҳдид қилишади.

Март ойидан бошлаб қўйилаëтган бундай мудҳиш видеолар нафақат Россияда ишлаб юрган¸ балки Қирғизистондаги қирғиз аëлларини ҳам қўрқувга солмоқда.

Ўзини “қирғиз патриотлари” деб тақдим этаëтган видео муаллифлари ва ундаги зўравонлар Россияга келиб қирғиз бўлмаган эркаклар билан яшаëтган¸ улар билан муносабат қилаëтган қирғиз аëлларининг шу тарзда шавқатсизларча жазоланишидан таҳдид этмоқда.

Видеода калтаклангани акс этганлардан бири ўтган йил Москвага келиб¸ бу ерда фаррошлик қилиб пул топаëтган 20 яшар Айнадир. Озодликка ўз бошига тушган зўравонликлар ҳақида¸ асл исмини ўзгартириб гапириб беришга рози бўлган бу қиз¸ видеода акс этган таҳқирлаш ташаббусчиси қирғиз йигити эканини айтади.

“Метрода кетаëтганда қирғиз бўлмаган эркак танишимдан SMS келди ва бундан ғазабланган қирғиз йигитим ўзи каби “ватанпарварлар” билан мени жазолашга қарор қилдилар”¸ дейди Айна.

- У мени камари билан уриб¸ сўкиб¸ оғзига келган гапларни айтиб¸ буларни телефонига ëза бошлади. Кейин дўстларини чақирди. Улар ҳам мени уриб¸ тепиб ташлашди. Бу ҳаммаси метрода бўлаëтган гап. Кейин улар мен билан яшайдиган жойимга бирга келишди¸ дейди Айна.

Уйга келгач¸ уйнинг қирғиз эгаси ва унинг дўстлари ҳам бу тўдага қўшилиб¸ қизни таҳқирлашган. Айнани бўғиб¸ уни ерга ëтқизиб тепкилашганини видеога олишган.

- Мени роса тепкилашди. Пичоқ билан қўрқитишди. Қўрққанимдан¸ қилмаган ишларимни ҳам қилдим дедим. Бунақа пайтда одам ҳамма нарсани унутади. Мени ўлдиришларидан қўрқдим¸ дейди Айна.

Аммо “қирғиз патриотлари” 20 яшар миллатдошини ўлдирмади¸ зўравонлик ҳимоясиз бу қизни зўрлаш билан якун топди.

Полицияга мурожаат

Бу даҳшатдан сўнг қиз Қирғизистонга қайтиб кетди. Уйидаларга¸ ўзини айблашларидан қўрқиб¸ бу ҳақда лом-мим демади.

Аммо ичини кемирган бу даҳшатдан қутула олмаган қиз¸ ўтган ҳафта полицияга бориб¸ ўзини зўрлаганларни жавобгарликка тортишни сўраб¸ расман ариза ëзди.

Айнанинг кўрсатмаси асосида қирғиз полицияси уни таҳқирлаган “патриот”лардан еттитаси шахсини аниқлади ва Россия расмийларига уларга нисбатан жиноий иш очишни сўраб мурожаат қилди.

Айнанинг бу жасоратидан илҳомланган “қирғиз ватанпарварлари”нинг яна бир қурбони Сапаргул ҳам ўтган ҳафта Россия полицияси ва Москвадаги Қирғизистон элчихонасига мурожаат қилиб¸ ўзини айни тарзда таҳқирлаган миллатдошларини жазога тортишни сўради.

Сапаргулнинг айтишича¸ унга қарши ҳужум сентябр ойида¸ ўзи ва дугонаси Москвадаги кафелардан бирида қирғиз бўлмаган йигитлар билан гаплашганидан кейин бошланган.

Буни кўрган бир гуруҳ қирғиз йигитлари иккала қизни бузуқчиликда айблаб¸ уларни мажбуран машинага босиб¸ узоқ бир жойга олиб келишган.

Кўп ўтмай Интернетга қўйилган Сапаргулнинг хўрланиши видеосида уни қоронғу кўчада ечинтириб¸ тепкилаëтган қирғиз йигитлари акс этади.

Ҳужумчилар Сапаргул ва дугонасини электр токи билан ўлдиришдан дағдаға қилади:

- Улар оëқларимизга сим боғлаб¸ уни машина батареясига улаб¸ ўлдирамиз деб қўрқитдилар ва айтган гапларини такрорлатиб¸ буни видеога олишди. Улар бунинг бошқа қирғиз қизларига сабоқ бўлажагини айтдилар. Улар бизни муттасил калтаклашди¸ баданимизга ўткир нарсалар тиқишди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Сапаргул.

Икки ëқлама таҳқир

Тахминларга кўра¸ ҳозирда Россияда 600 000 га яқин қирғизистонлик муҳожир бор ва уларнинг 40 фоизга яқини аëллардир. Бу муҳожир аëллар эса¸ ҳам ўз миллатдошлари¸ ҳам рус миллатчилари ҳужумларининг асосий нишонига айланиб бормоқда.

Россиядаги скинхедлар уларни рус бўлмагани учун¸ ўз миллатдошлари эса¸ бошқа миллатдагилар билан юриш ва яшаш орқали қирғизлар шаънига доғ тушираëтганлик учун таҳқирламоқдалар.

Ўрта ëшлардаги Абдураззоқ Москвада яшайдиган оилали қирғизлардан бири. У қирғиз қизларининг Россияда бошқа миллат эркаклари билан юриб кетишига йўл қўймаслик керак¸ деган фикрга қўшилишини айтади.

- Мен бу йигитлар кўз қарашига қўшиламан. Аммо қизларни уришнинг кераги йўқ. Уларнинг ҳаммасини тўплаб¸ Россиядан депорт қилиш етарли. Йигитлар полицияга телефон қилиб¸ бу қизлар Россияда бузуқчилик қилиб юрибди дейиши керак.

Шунинг ўзи уларни Қирғизистонга депортация қилиш учун етарлидир¸ дейди Абдураззоқ.

Аммо Россиядаги аксар қирғизлар бундай ватанпарварликдан даҳшатда.
Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Болот Жунусов шундайлардан бири.

- Улар ўзларини қирғиз халқи ватанпарварлари деб атамоқда. Аммо уларнинг қилган ишига бир қаранг. Улар қирғиз қизларини ваҳшийларча таҳқирламоқда¸ ечинишга мажбур қилиб¸ буни видеога олмоқда ва сўнгра буни Интернетга қўймоқда. Бу на ватанпарварлик ва на қаҳрамонликдир¸ дейди Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Жунусов.

Россиядаги қирғиз аëлларининг ўз миллатдошлари томонидан таҳқирланаëтгани Қирғизистон ичкарисида ҳам хавотир уйғотмоқда.

Қирғизистондаги ëшлар гуруҳи бу зўравонлик қурбонларига ëрдам бериш учун хайрия йиғмоқда¸ мамлакат Омбудсмени бу видеолар юзасидан махсус суриштирув бошлашни ваъда қилди¸ парламент депутатлари эса¸ Россия расмий идораларига зўравонларни топиб жазолашни сўраб¸ мурожаат қилди.