Евро 2012 – спорт эмас¸ сиëсат ўйини

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко боис Киев ва Европа ўртасига биринчи марта совуқчилик тушаëтгани йўқ. Европапараст Тимошенкога нисбатан қамоқхонада ëмон муносабатда бўлинаëтгани асосида аксар Европа ҳукуматлари 8 июн куни Украина ва Полшада бошланадиган футбол бўйича Европа биринчилиги ўйинларини бойкот қилишдан пўписа этди. Аммо кейинги жараëнлар украиналикларнинг “Тимошенко ўйини”дан беза бошлаганини кўрсатмоқда.
Олександр Уляновични¸ бир пайтлар Юлия Тимошенко ўз ëнида бўлишини истаган идеал фуқаро деб тақдим этиш мумкин.

Инглиз¸ поляк ва немис тилларида бемалол гаплашадиган бу кичик тадбиркор 2004 йилги “Зарғалдоқ инқилоби” кунлари Киев марказидаги Мустақиллик майдонни тўлдирган ўн минглаб демократия тарафдорларидан бири эди.

Айни кунларда 8 июн куни бошланадиган Европа чемпионати кунлари савдо бароридан келади¸ деган умид билан Олександр тайëр овқат сотувчи емакхоналарини мижозлар хизматига очиш билан банд.

Олександр Киевдаги уйини швейцариялик футбол ишқибозларига ижарага бериб¸ улар учун шашликхўрлик уюштириш режасида ҳам.

Ўтмишдаги каби бутун фикри-хаëли ўз кичик бизнесини кенгайтириш билан банд бўлган Олександрнинг ўтмишдаги ўзидан битта фарқи бор - у бугун Тимошенко тарафдори бўлмай қолган:

- Тимошенко ва Виктор Юшченко Украинадаги вазиятни ўзгартириш учун мислсиз тарихий имконга эга бўлдилар . Уларни ҳам мамлакат аҳолисининг аксар кўпчилиги¸ ҳам хориж ҳукуматлари қўллади. Аммо улар ҳеч нимани ўзгартирмадилар. Ҳеч нарсани эплай олмадилар. Улар майдонга чиқиб¸ ўзларини қўллаганлар ва миллионлаб сайловчиларга хиëнат қилдилар. Бугун мен Украинадаги вазият учун Виктор Януковичдан кўра Юшченко ва Тимошенкони айбдор деб биламан¸ дейди 2004 йилда ўзи ҳам Мустақиллик майдонига чиқиб Тимошенко ва Юшченкони қўллаган Олександр.

Халқ инқилоби тўлқинида бири президент¸ иккинчиси Бош вазирликка келган Юшченко ва Тимошенко кўп ўтмай ҳокимият учун ички зиддиятга берилиб кетдилар ва украиналиклар умидини пучга чиқардилар.

2005 ва 2007-2010 йилларда Украина Бош вазири лавозимида ишлаган Тимошенко бугун хизмат ваколатларини суистеъмол қилганлик айби билан 7 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Аммо ҳатто Харков қамоғида ҳам Тимошенко ўз сиëсий рақиби¸ жорий президент Виктор Янукович учун қудратли мухолифлигича қолмоқда.

Қамоққа тушганидан бери “мазлум”га айланиб қолган Тимошенко ўзига нисбатан ноинсоний муносабатда бўлинаëтганини таъкидлаб¸ очлик эълон қилди. Унинг мазлумлигидан таъсирланган Европа Иттифоқи раҳбарлари Киев билан муносабатларни совуқлаштирдилар; ҳатто украиналикларга қарийб 15 миллиард доллар ва йиллаб қилинган меҳнат эвазига келган Евро 2012 ни бойкот қилиш билан таҳдид этдилар.

Аммо аксар украиналиклар назарида Тимошенко мазлум ҳам¸ ўзи иддао қилаëтган каби¸ бегуноҳ мусича ҳам эмас.

Инқилобга қадар Украина Ягона Энергия тизимларига раҳбар бўлган Тимошенконинг Россиядан келаëтган газни четга сотиш орқали миллионлаб доллар пулни ўзлаштиргани тахмин этилади.

Украиналиклар орасида “газ маликаси” деган кинояли тахаллус олган Тимошенкони деб ЕИнинг Украинада ўтадиган футбол ўйинларини бойкот қилиш билан таҳдид этгани оддий халқ орасида эътирозга сабаб бўлмай қолмади.

Аммо Швециянинг ЕИдаги элчиси Даг Ҳартелиус¸ 27 давлат Тимошенконинг гуноҳсиз ëки бегуноҳлиги эмас¸ Украинада қонун устиворлигини қарор топтиришнинг муаммо эканидан ташвишда эканини айтади:

- Бу ерда гап Тимошенконинг ўтмишдаги ишлари ¸ унинг нима қилиб¸ нима қилмаганида эмас. Бу ерда гап Украинадаги ҳуқуқ-тартибот тизимларининг қандай ишлаëтганидадир. Шунингдек бу ерда гап фақат Тимошенко устида кетмаяпти. Луценко ва бошқалар тақдири ҳам хавотирга сабаб бўлаëтир¸ дейди ЕИ ва Украина ўртасига совуқчилик солаëтган масалада изоҳ берган швед дипломати.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Евро 2012 – спорт эмас¸ сиëсат ўйини