Ўзбекистон Қозоғистон учун транзитни ëпиб қўйди

Ўзбекистон ШҲТнинг Тожикистонда ўтказилган “Тинчлик миссияси – 2012” ҳарбий машқларида қатнашган Қозоғистон ҳарбий техникасини ўз ҳудудидан ўтказмади. Айни пайтда¸ Ўзбекистон чегарачилари Қозоғистондан келаëтган юк машиналари транзитига рухсат бермаëтгани боис¸ ўзаро чегарада юзлаб хориж транспорт воситалари тўпланиб қолган.
Ўзбекистон ҳукумати Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “Тинчлик миссияси – 2012” ҳарбий машғулотларида қатнашиш учун кетаëтган Қозоғистон ҳарбий техникасини ўз ҳудудидан ўтказмагани ҳақида Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Серик Жумадилов 14 июн куни мухбирларга маълум қилди.

Оқибатда¸ қозоқ элчихонаси расмийсига кўра¸ ШҲТнинг аксил-террор машқларида қатнашиши белгиланган Қозоғистон ҳарбий техникаси ва аскарлари Тожикистонга Қирғизистон ҳудуди орқали ўтказилган.

Ўзбекистон раҳбарияти ўз ҳарбийларининг “Тинчлик миссияси – 2012” машқларида қатнашишига рухсат бермади ва бу қарорини изоҳлашни ҳам истамади.

ШҲТга аъзо қолган беш давлат – Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистоннинг 2000 нафардан ошиқ ҳарбийси 500 дан ошиқ ҳарбий техника воситасида 7-14 июн кунлари тоғли ҳудудларда аксил-террор амалиëтлари ўтказишни машқ қилдилар.

Машқлар Сўғ вилоятининг “Чорух-Дайрон” ҳарбий полигонида Тожикистон қуруқлик қўшинлари қўмондони ¸ генерал-майор Имомали Собиров қўмондонлиги остида ўтказилди.

Ўзбекистон чегарасида юзлаб юк машиналари тиқилиб қолди

Айни пайтда¸ Ўзбекистон расмийлари нафақат Қозоғистон ҳарбийлари ва ҳарбий техникасининг ўз ҳудудидан ўтказилиши¸ балки Қозоғистондан келаëтган юк машиналари транзитига ҳам рухсат бермаëтир.

Бу ҳақда матбуотга билдирган Манғистау вилояти бўйича Божхона назорати департаментига кўра¸ 11 июндан бошлаб Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги “Довут ота” ўтказиш пунктидаги шлагбаумлар туширилган ва Қозоғистон орқали ўтиб келган юк транспорти воситалари Ўзбекистонга киритилмаëтир.

"Бунинг оқибатида Қозоғистонга қарашли "Тажен" божхона пунктида 170дан ошиқ автотранспорт воситаси тўпланиб турибди”¸ дейилади Манғистау Божхона департаменти баëнотида.

Бундай вазият сабабларини ўрганиш ва муаммони тезроқ ҳал қилиш мақсадида Манғистау вилояти божхона идораси ходимлари 13 июн куни ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашган.

"Ўзбекистон Божхона хизмати вакиллари билан учрашувдан аëн бўлишича¸ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Хориж юк машиналарининг Ўзбекистон Республикасига кириши¸ транзити ва чиқиши”га оид қарорига мувофиқ чет эл юк машиналарининг Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтишига рухсат берувчи тегишли ҳужжат бўлмасам уларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши тақиқланган. Авваллари¸ ҳайдовчиларга кўра¸ Ўзбекистон тегишли давлат идоралари транзит учун рухсатни чегарада берган бўлса¸ эндиликда бу рухсатномани Ўзбекистон тегишли идораларидан олдиндан олиш шарт қилиб белгиланган”¸ дейилади Манғистау вилояти Божхона департаменти баëнотида.

Айни шундай¸ Ўзбекистоннинг хориж юк машиналарини ўз ҳудудидан ўтишига рухсат бермаëтгани оқибатида Қозоғистоннинг Атирау ва Ғарбий-Қозоғистон вилоятларидаги чегара-божхона пунктларида ҳам кўплаб юк машиналарининг тўпланиб қолгани айтилмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистон Қозоғистон учун транзитни ëпиб қўйди