Хориж киночилари ҳам цензура қилинади

Немис киночиси Ҳелмернинг "Uzbek Express" филми Вазирлар Маҳкамасининг янги тартиби жорий қилинишидан олдин суратга олинган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси чет эл киноширкатлари томонидан мамлакат ҳудудида кино-видеофилмлар олиш тартибини тасдиқлади. Унга кўра¸ хориж киночилари ижоди устидан ҳам цензура ўрнатиладиган бўлди.

18 июн куни расмий нашрларда эълон қилинган бу тартибга кўра¸ Ўзбекистонда филм суратга олмоқчи бўлган чет эл киночиси икки ой олдин “Ўзбеккино” миллий агентлиги лицензия бўлимига ҳужжатларни топшириши керак.

Бу ҳужжатларда киночининг Ўзбекистонда нимани қаерда ва қандай суратга олиши аниқ кўрсатилиши лозим.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги лицензия бўлими раҳбари Манноп Қўчқоровнинг Озодлик радиосига билдиришича¸ бундан буëн чет эл киночилари ўзбек халқи урф- одатларини камситувчи¸ тарих¸ маданият ва анъаналарни бузиб кўрсатувчи тасвирларни Ўзбекистон ҳудудида суратга олиши мумкин эмас.

- Ўзи "Ўзбеккино"га топширилган рухсат олиш учун. Тасдиқланган форма бўйича заявка ëзилади. Сценарий олтита нусхада. Икки ой олдин ҳамма қоғозларни юбориш керак.

Озодлик: Нимани олиш кераклиги аниқ ëзилиши керак, дейилган экан. Лекин режиссëр иш жараëнида ўзининг фикрини ўзгартирадику. Масалан¸ қўйнинг ўрнига қўчқор, эшакнинг ўрнига от бўлиши мумкин. Режиссëр тупикка тиқилиб қолмайдими?

- Режиссëрский сценарий бўйича филм олинади. Постановочний план бўйича иш қилинади. Қўчқорми, эчкими, бошқами ҳаммаси ëзилган бўлиши керак бўлади.

Озодлик: Қўчқорни эчкига алмаштиргиси келиб қолсачи?

- Ўша заявкани беради, бошқатдан кўриб чиқади "Ўзбеккино".

Озодлик: Бир-иккита режисëрлар билан гаплашсам, “Ундан кўра Тожикистон ëки Қирғизистонга бораман” деяптида. Икки ўртада Ўзбекистон пул ютқазмайдими?

- Тожикистонга борадиган бўлса, Тожикистонга бораверсин. Режиссëр ўзи танлаган жойида олаверади.

Озодлик: Нима учун бу ҳужжат чиқди? Қандайдир сиëсий зарурат пайдо бўлдими?

- Кечирасиз, бу саволга жавоб бериш менинг компетенциямга кирмайди. Қарор чиқдими, ўшанинг ижросини бажаришимиз керак. Нимага чиқди, қачон чиқди, қанақа чиқди – бу саволларга мен жавоб бера олмайман. Конкретний бирорта саволингиз бўлса, айтинг.

Озодлик: Ўзбекистонда одоб-ахлоқ нормаларига зид кадрлар олиниши мумкин эмас, дейилган.

- Бунақа саҳналарни бизларнинг Ўзбекистонда олиш мумкин эмас. Бошқа жойга бориб ўша ерда олади. Тожикистонга бориб оладими киносини, қаерда олса ҳам олаверади. Бу ерда бунақа саҳналарни олиш мумкин эмас¸ дейди Манноп Қўчқоров.

Суҳбатдошга кўра¸ шунингдек экстремизм¸терроризм, зўравонлик ва шафқатсизликни улуғловчи ҳамда порнографик филмларнинг Ўзбекистонда суратга олинишига изн берилмайди.

Алвидо Феллини

Ҳозир Москвада ижод қилаëтган таниқли киночи Али Ҳамроевга кўра бундай қарор ўз соясидан қўрқадиган ўзбек киномулозимларига оид ëпиқ зеҳният маҳсулидир.

- Улар энди ўзларининг соясидан қўрқадида. Бизларда кино давлатнинг қўлида. Биласизку улар ҳаммасини текширади. Даже Москвадан мана Элëр Эшмуҳаммедов бориб съëмка қилмоқчи эди, рухсат беришмади. Бир-икки марта жанжал бўлди. Москвалик Зиновий Ройзман Самарқандда кино олган, сериал. (“Эгизаклар “ сериали ҳақида гап кетяпти.) Милицияни ëмонлаган. Сразу жанжал кўтарилдида. Шунинг учун улар энди текширишаяптида ҳамма ëқни. Булар хўжайинда энди нима қиласиз. Агар киночилар хоҳламаса, бормасин у ëққа, кино олманглар. Қирғизистонга борсин, Тожикистонга борсин.

Озодлик: Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан нима ютқазади?

- Ютқазади. Ҳеч ким келмайди. Рухсат олишга тўрт-беш-олти ой кетади тўғрими? Ким кутади? Ҳеч ким кутмайди. Бу нарса яна коррупция¸ бер-бер га ҳам сабаб бўлади. Мана буни олиб ташламасанг, рухсат бермаймиз. Майли, озгина ташлагин, 5-10 минг доллар ташлайди рухсат бераверади. Мана шунақа¸ дейди Али Ҳамроев.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистоннинг ўз эшикларини дунë кино усталарига ëпгани нотўғри сиëсат.

"Апачи"нинг отини суғор¸ пулини ол

“Ўзбекфилм” ширкатида узоқ вақт раҳбар лавозимларида ишлаган ва исми айтилишини истамаган истеъфодаги кинодраматург бу қарор икки жиҳатдан нотўғри эканлигини айтди.

- Лўлини эшагини¸ суғор пулини ол¸ деган мақол бор. Шу маънода¸ биз чет эл киночиларига ҳизмат қилиб пулини олишимиз керак. Пулинг керак эмас¸ деб ноз қиладиган ҳолатда эмасмиз. Демак¸ бу қарор иқтисодий жиҳатдан зарарли. Иккинчи тарафдан¸ бу киночининг ижодини чеклаб қўювчи қарор. Самарқандда икки эркакнинг муштлашгани суратга олинса¸ буни шафқатсизликни улуғлаш деб талқин қилиб суратга олиш жараëнини тақиқлаб қўйишлари мумкин¸ дейди кинодраматург.

Ўзбекистон доимо чет эл киночилари диққатини тортиб келади. 1973 йили немис киночиси Готфрид Кольдитц (Gottfried Kolditz ) вестерн жанридаги “Апачи” филмини Самарқанд ва Тошкент вилоятларида суратга олган эди.

Ушбу кинокартинада Китоб довонидаги ўзбек колхозчиларининг “Ҳиндилар” ролини ўйнаб чойчақа олишгани айтилади.

Бош ролни ижро қилган Гойко Митич (Gojko Mitic) минган отга қараган ўзбек зоотехнигининг яхши маош олгани ҳақида “Апачи” филми ҳақидаги хотира китобларда ëзилади.

Тартибнинг ижобий томони

18 июндаги ҳужжатга кўра¸ чет эл киноширкати ўзбек киночиларини жалб қилиб¸ Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобидан кино олинадиган бўлса¸ бунга рухсат керак эмас.

Бу ҳолат Ўзбекистон кинометографияси ривожи учун хизмат қилиши мумкин¸ дейди “Ўзбекфилм” ширкатида узоқ вақт раҳбар лавозимларида ишлаган драматург.

- Кўпинча чет эл киночилари ўзбек кино мутахассисларини жараëнга жалб қилишмайди. Бу қарор мана шу қусурни тузатса¸ бу ҳам ëмон эмас¸ дейди кинодраматург.