Ўзбекистонда буғдой ўрими бошланди

Ғалла ўрими бошланиши фермерлар учун навбатдаги "ташвиш фасли" бошланишини англатади.

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ғалла ўрим-йиғими давом этмоқда. Фермерлар бу йилги ғалла хирмони ҳам қўшиб ёзишлар ва кўзбўямачиликлардан ҳоли бўлмаслигини айтмоқдалар.
Бухоронинг Жондор туманидан бўлган фермер Ғофур Қурбонов жорий йилда 45 гектар майдонда буғдой ҳосили етиштирди.

Фермер Қурбонов гектарига 33 центнердан ҳосил олиб, давлатга 130 тонна топшириши лозимлигини айтади.

Оиласига ҳам 30-40 тонна буғдой қолишини режалаштирмоқда фермер.

Шу кунларда даласида ўрим кетаётганини айтган Қурбоновга кўра, буғдой етиштирган фермерларни назорат қилувчилар анчагина.

- Фуқаролар йиғинининг раиси умумий назоратда бўлади. Маҳалланинг раислари назорат қилади. Кейин туман ҳокимлигида ташкилотлар бор. Тегишли ташкилотлар, қишлоқ хўжалик ташкилотлари бор. Шу ташкилотлардан битта доимий комбайнни ишлаш режимини таъминлаш учун битта масъул шахс бўлади. Масалан, далага келди. Машиналар борми, машиналардан ўт чиқмайдими, ташийдиган машиналар борку, ишлайдиган механизмлар бор, глушителлари нимами, ҳаммаси қонун-қоидага тўғри келадими деган маънода ўт ўчирувчиларнинг вакили бўлади. У назорат қилади. Ундан ташқари туманнинг ҳокими доимий назорат қилади,- дейди Ғофур ака.

Фермер Қурбоновнинг айтишича, ғалла давлатга бозор нархидан қарийб 50 фоиз арзонига топширилади.

- Давлат закази бўлгани учун бизлардан олаëтган донга давлат нархни белгилайди. Давлат заказини 338 сўмдан олади. Бозор нархидан кам бу укажон. Бозор нархи айтишларича 500 сўм ҳам бор, 600 сўм ҳам бор,- дейди фермер.

Лекин Қурбонов давлатга ғаллани арзон топширганидан норози эмас. Боиси дейди фермер, уларга давлат томонидан арзон нархда маълум хизматлар кўрсатилади.

- Ўғитни бизга етказиб бераяптику давлат ўзининг нархида. Ëқилғининг нархи қанча, бизга қанчага етказиб бераяпти. Ана шу томонлари борда. Албатта иккаласини ҳам арзон етказиб бераяпти. Сувни олинг. Бизлар бухороликларга сувни Амударёдан уч марта ҳам кўтариб келтиради. Бир сўм ҳам тўламаяпмизку бизлар,- дейди жондорлик фермер.

Бувайдалик фермер Ҳасан аканинг айтишича, буғдой пишиғи даврида фирибгарликка қўл уришга тўғри келади.

- Кўзбўямачилиги мана ҳозир бошландида. Энди буғдой ерлари ичида резервлари бор, қўшимча ерлар бор. Масалан, менда 50 гектар ер бўладиган бўлса, ўшандан 10-12 гектар резерв ер бўлади. Ҳокимиятдагилар билади. Шунақа қилишга мажбур қиладида ўғирлик қилишга,- дейди бувайдалик фермер.

Фермернинг айтишича, яширин ерда етиштирилган буғдой ҳосилининг пули пахта сотиб олиш ва ҳокимликлар томонидан талаб қилинадиган ҳайрия тадбирлар учун сарфланади.

Жиззахлик собиқ фермер Мамиржон Азимов ўзининг буғдой етиштирган пайтларидан келиб чиқиб айтишича, ғалла ўрими пайти фермерларга нисбатан қаттиқ босим бўлади.

- Назорат жуда кучли бўлади. Фермерларга планни бажармагунча бир кило ҳам олишга йўл беришмайди. Имконини топадиган фермерлар бўлса, планидан чиқа олмайдиган ҳолат бўлса, 2-3 тонна олиш учун комбайн ҳайдовчиси билан бир амаллаб келишмаса, фермерларга йўл берилмайди. Агар планни бажармайдиган бўлса, бошқа фермерлардан бўлса ҳам олишга мажбур. Ëки бозордан бўлса ҳам олиб планни бажаришга мажбур қилинади,- дейди собиқ фермер.

Мамиржон Азимовга кўра, собиқ шўро давридаги қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳануз кузатилаяпти.

- Қўшиб ëзиш. Усиз план бажариш қийин. Пахтада ҳам, ғаллада ҳам қўшиб ëзиш оддий ҳолга айланган. Ҳар йил ғалла планини бажаришда қўшиб ëзишлар кўп бўлади, жуда кўп кузатилади,- дейди Азимов.

Ўтган йили ўзбек ғаллакорлари 6 миллион 800 минг тонна ғалла етиштириб, давлат режасини ошиғи билан бажарган эди.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилдаги ғалла бўйича давлат режаси 6 миллион 703 минг тонна.

YouTubeда тинглаш