Муҳожирлар орасида СПИД кўпаймоқда

Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ОИТС хавфи жиддийлигига эътибор қаратишга чақирди.
Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар орасида пала-партиш жинсий алоқада бўлиш оқибатида турли юқумли касалликлар, жумладан, ОИТСга чалиниш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Санкт-Петербургда тўрт йилдан буён меҳнат қилаётган самарқандлик Маматқул акага кўра, ўзбек муҳожирлари ўзлари оммавий яшаётган уйларга фоҳиша аёлларни олиб келиб, улар билан жинсий алоқада бўладилар.

Маматқул ака ўзи гувоҳи бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб айтишича, бундай пайтларда эркаклар деярли презервативдан фойдаланмасдан жинсий алоқа қилади.

- Асосан бригада бўлиб ишлашади ва яшашади. Кўчадан суюқоëқ бир аëлни олиб келишади. Бир қанча одам яшайдиган жойдаги шароитни ўзингиз тасаввур қилаверинг. 2-3 кишидир, 5-6 кишидир ўша аёл билан бирга бўлишади. Энди ўшанда маст ҳолатда бўлса, барчаси бўлмаса ҳам иккитаси бўлар, учтаси бўлар. Бўлиши мумкин бу нарса. Айнан ўша аëл юқтириши мумкин. Ундан кейин бу пайтда улар сақланмайди. Презервативми, бошқасими сотилади аптекада. Лекин ўзимиздан келганлар мутлақо сақланмайди, дейди суҳбатдош.

Маматқул аканинг айтишича, шу каби ҳолатлар натижасида эркакларда жинсий касалликлар юқтириш ҳолатлари ҳам учраб туради.

- Захм ëки бошқа нарса юққанига эшитганларим бор. Ўтган йил бир врач биз билан бирга турган эди. Шунга ўзимизнинг бир нечта ўзбеклар мурожаат қилганда. Икки кишини биламан. Жинсий алоқа пайтида фойдаланмаган. Айнан мана шу нарсадан юқади. Ўша доктор айтдида. Ўзбекларнинг 10тадан 2-3таси фойдаланмаса, бошқа фойдаланмайди, деди, дейди Маматқул ака.

Санкт-Петербург шаҳридаги Истеъмол назорати хизмати эпидемиология бўлимидан олинган маълумотга кўра, ўтган йили 180 минг меҳнат муҳожири тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, улардан 120 нафарида ОИТС аниқланган.

Меҳнат муҳожирлари орасида ОИТС хавфи борасида ўрганаётган Тошкентдаги эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, кейинги пайтда Россияда ўзбек муҳожирлари орасида ОИТС аниқланиш ҳолатлари кўпаймоқда.

- Яқиндагина берилган интервюлардан бирида Россиянинг Закарпате региони бўйича ВИЧ/ОИТСнинг олдини олиш медицина марказининг бошлиғи гапириб туриб айтдики, айнан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ВИЧ/ОИТС касалликлари кўплиги кузатилмоқда. 2012 йил март ойида Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг махсус дастурига ўзининг мана шу ҳолат бўйича охирги ҳисоботини топширди. Энг охирги расмий ҳисоботда айтилаяптики, ҳозирги кунгача Ўзбекистонда рўйхатга олинган 21 мингдан ортиқроқ ВИЧ ва ОИТС ҳолатлари аниқланган экан. Лекин Ўзбекистонда статистика қанақа юритилишини назарда тутган ҳолда биз ўйлаймикзи, бу анчагина сунъий равишда пасайтирилган маълумот бўлса керак. Аслида бу сон анчагина юқори бўлиши мумкин, дейди ҳуқуқ фаоли.

Исмоилов меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазият жиддийлигини айтиб, бу ҳолатга Ўзбекистон ҳукумати эътибор қаратиши зарур¸ деган фикрни билдиради.

- Биринчи навбатда¸ биз ҳукуматнинг ВИЧ ва ОИТСнинг олдини олиш ва бу касалликлар билан аллақачон оғриган кишиларга медицина ëрдамини кўрсатиш сиëсатининг ҳозирги кундаги мавжуд дастурларни таҳлил қилиб кўриб шу хулосага келдикки, барча мавжуд дастурларда энг катта риск гуруҳларига кирувчи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тушиб қолаяпти. Меҳнат муҳожири Ўзбекистондан чиқиб кетиш асносида, Ўзбекистонга қайтиб келиш асносида умуман медицина кўригидан ўтказилмайди. Ўзбекистон ҳукумати иддао қилаяптики, 2005 йилдан бери Ўзбекистонда аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш вазирлиги қошида махсус назорат идораси фаолият юритаëтган экан. Ана шу назорат идораси фақат ВИЧ ва ОИТС масаласининг олдини олиш бўйича аҳолининг танланган гуруҳлари орасида мунтазам равишда кўриклар ўтказиб тураркан. Лекин бизнинг таҳлилимиз шуни кўрсатдики, ҳатто мана шу махсус назорат идораси ҳам меҳнат муҳожирларини ҳам умуман эсдан чиқариб қўяяпти, дейди Суҳроб Исмоилов.

Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи томонидан ёйинланган маълумотномада, вазиятнинг жиддийлиги боис Ўзбекистонда “Ташқи меҳнат миграцияси бўйича” қонун қабул қилиб, унда муҳожирлар ўртасидаги ОИТС ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди.

Гуруҳ фикрича, меҳнат муҳожирлари орасида касалллик ҳақида тушунтириш бериш, муҳожирларни Ўзбекистондан кетаётган ва келаётганда тиббий кўрикдан ўтказиш зарур.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Муҳожирлар орасида СПИД кўпаймоқда


YouTubeда тинглаш