Ўзбекистонда қозоқ ширкатига қарашли завод акциялари ҳибс қилинди

“Қувасойцемент” очиқ ҳиссадорлик жамияти акцияларининг назорат пакети Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрига ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистондаги ахборот агентликлари тарқатган маълумотга кўра, йирик саноат корхоналаридан бири бўлган “Қувасойцемент” заводи ҳиссадорларига тегишли бўлган 40 миллиард сўмлик акциялар ҳибс қилинган. Мазкур завод акцияларининг назорат пакети Қозоғистоннинг United Cement Group ширкатига тегишли эди.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон давлат мулк қўмитаси United Cement Group ширкатига қарашли “Бекободцемент” корхонаси акцияларининг 51 фоиздан кўпроғига эгалик қила бошлаган.

Жорий йил бошида “Бекободцемент” раҳбарияти цементни ноқонуний ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда айбланиб Тошкент вилоят суди ҳукми билан турли йилларга озодликдан маҳрум қилинган эди. Суд ҳукми билан завод акцияларининг 51 фоиздан кўпроғи ҳукумат ихтиёрига ўтказилган.