Россия мотам тутмоқда

Кримск кўчаларидан бири, 2012 йилнинг 8 июли.

Краснодар ўлкасидаги тошқин оқибатида 170 нафардан зиёд киши ва Украинадаги автоҳалокатда эса 14 нафар рус зиёратчиси ҳалок бўлгани муносабати билан 9 июл Россияда “мотам куни” дея эълон қилинган.
Бугун Россиянинг барча ҳудудларида ҳамда чет элдаги ваколатхоналарда давлат байроғи мотам муносабати билан бироз тушириб қўйилган.

Тошқин Кримскни қарийб бутунлай ювиб кетди


Кубандаги тошқин қурбонларнинг кўпи Кримск тумани фуқаролари эди. 50 минг чоғли аҳоли яшайдиган Кримск шаҳрининг ярми сув остида қолгани айтилмоқда. Маҳаллий аҳоли фикрича, шаҳар устига ёпирилган 7 метрли тўлқин тоғдаги сув омборларидан сув очиб юборилгани натижаси бўлиши мумкин. Бироқ Краснодар ўлкаси губернаторининг матбуот котиби Анна Минкова “Эхо Москви” радиосига берган интервюсида бу мулоҳазани рад этиб, уни “бўлмағур гап” ва “миш-миш” деб атади.

Айни пайтда Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Краснодар ўлкаси бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати ходимаси Дарья Сорока кутилаётган табиий офат тўғрисида маҳаллий расмийлар огоҳлантирилганини қайд этади.

8 июл куни Кубандаги табиий офатни ўрганаётган Тергов қўмитаси дастлабки баёнотларни берди.

- Сел чоғида Небержаевск сув омборидан автоматик равишда сув ташлаш амалга оширилган, бироқ тошқинга айнан шу ҳодиса сабаб бўлди, дея таъкидлашга ҳали эрта, - дея иқтибос келтиради Россиянинг “Новости”ахборот агентлиги Россия Тергов қўмитаси Краснодар ўлкаси бўйича тергов бошқармаси бошлиғининг катта ёрдамчиси Иван Сенгеров сўзларидан.

Сенгеров сув омборидан сув кичик порциялар билан ташлангани, тўғонга эса ҳеч қандай шикаст етмаганини ҳам қайд этди.

Тергов қўмитасининг яна бир вакили Владимир Маркин Кримскдаги барча уйларга шикаст етганини, экинлар пайҳон бўлиб, уй ҳайвонлари нобуд бўлганини айтди.

Кеча тушдан шаҳарда кейин сув чекина бошлаган. Озодлик радиоси рус хизмати мухбирига кўра, Кримск кўчаларида Анапа, Новороссийск ва Краснодар шаҳарларидан келган кўплаб кўнгиллиларни учратиш мумкин. Улар жабрланганларга озиқ-овқат, сув етказиб бермоқдалар, кўча ва уйларни ахлатдан тозалашга ёрдам беришга тайёр эканини билдирмоқдалар.

Маҳаллий расмийлар ҳозирча аҳолини ичбуруғ ва гепатитга қарши эмлаш ишинигина йўлга қўя олганлар. Шаҳарда ҳалигача электр йўқ, шунинг учун ҳам аҳоли ахборот қамалида қолган.

Кримскдаги дастлабки дафн маросимлари 9 июл кунига белгиланган. Қурбон бўлганларнинг кўпчилиги ёрдамга муҳтож қариялар бўлгани айтилмоқда.

Тошқиндан зарар кўрган Геленжик ва Новороссийскда ҳам фавқулодда вазият эълон қилинган. 9 киши ҳалок бўлган Геленжикда тошқиндан 7 минг киши жабрлангани, икки мингга яқин уйга шикаст етгани қайд этилган.

Айтилишича, айни пайтда тошқин юз берган ҳудудларга 1500 га яқин қутқарувчилар жалб қилинган.

Жабрланганларга товон пули берилади


Бу орада Россия фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучков Краснодар ўлкасида вазият барқарорлашганини билдирди. У тошқиндан жабр кўрганларга товон пули тўланишини ҳам маълум қилди.

- Энг зарур буюмларидан бутунлай айрилиб қолган ҳар бир оилага 100 минг рублдан (3000 АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.), буюмларини қисман йўқотган оилаларга эса 50 минг рублдан берилади, - деди Владимир Пучков.

Аввалроқ Краснодар ўлкаси губернатори Александр Ткачев тошқинда ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули тўланиши ҳақида билдирганди. Маълумотларга кўра, бундай оилаларга 2 миллион рублдан (60 минг АҚШ долларидан кўпроқ) тарқатилади.