Олий Мажлис Сенати раиси Илгизар Собировдан куппа-кундуз куни пора сўрашди. Ие, Ёшулли мамлакатда Иккинчи Одам бўлса (ҳарқалай, қонун шундай дейди), ундан ким пул талаб қилади, дея хаёлингиз бир жойларга югургилаб кетдими?
Оддий мантиққа таянилса, Иккинчидан фақат Биринчи домангир бўла олади¸ шундай эмасми?
Йўқ, йўқ, кўп хавотирланманг, бош қонунчи юзига оёқ қўйган порахўр унақа катта амалдор эмас, Миллионинчи, балки Ўн Миллионинчи Одамдир. Бор-йўғи мактаб директори у. Ҳайрон бўляпсиз, а?
Халқ таълими вазирлигидаги танишимнинг ҳикоя қилишича, Воқеанинг мухтасар мазмуни тубандагича:
Шу кунларда Илгизар Матёқубовичнинг мактаб ёшига етган набирасини ўқишга жойлаш масаласи оила “ялпи мажлиси”да муҳокама қилинади. Табиийки, 28 миллион фуқаро ҳаётига дахлдор қонунлар билан банд раис тоши енгил масалага аралашишни лозим топмайди: ўзинг бир амалларсан, уқтиради фарзандига.
Набиранинг оёғи ерга тиккизилмай Тошкентдаги довруқли мактабларидан бирига олиб борилади. Болакай қудратли зотнинг зурриёти эканлиги очиқланмасдан (отлиқ тугул, пойи пиёда ҳам манманликка берилган замонда камтарликдан асар қолгани қандай яхши!) уни мактабга қабул қилиш сўралади.
Бароқвой офтобрўяни текинга тарк этмай қўйганига кўп қовун пишиғи бўлди-ку, мактаб директори, яна денг, Тошканди азимдаги довруқдор мактабнинг директори масалани бебилиска ҳал қилармиди?!
Директорбува меҳмонлар кимлигидан паққос бехабар “Майли, сўровингиз бош устига, аммо озроқ харажати бор-да” дейди ўсмоқчилаб (вазирликдаги танишим Воқеа қайси рақамли мактабда рўй бергани, порахўр маорифчи қанча пул талаб қилганини айтмади. Умуман, бунинг кераги ҳам йўқ. Ахир, бундай эгиз манзаралар мамлакатнинг деярли барча ҳудудида учрайди-ку)
Ҳар қандай камтар инсон ҳам ғазабланиш ҳуқуқига эга. Иккинчининг фарзанди бу гўстоҳликка чидолмай “Ҳали кўрсатиб қўяман сенга харажатни” дея отаси ҳузурига – арзга шошилади.
Ўз навбатида, бедодликдан жаҳл отига минган Илгизар Собиров ҳукумат телефони гўшагини зардали тутганича Халқ таълими вазири Темир Шириновнинг рақамини теради. Салом-аликни нася қилиб, мақсадга ўтади: “Домла, Конституция бўйича таълим бепул деб юрардик, кабинетда ўтиравериб, ўқиш пуллик бўлиб қолганидан ғофил қолибмиз, қаранг!”
(Сенат раиси вазирга исм-шарифи билан эмас, “Домла” деб мурожаат қилгани тасодиф эмас. Биринчи тахмин: “домла” деган мурожаат билан вазир ҳам ўша порахўр муаллимга ҳамқавм эканига ишорат этган. Иккинчи тахмин: ушбу хитоб орқали раис бир маҳаллар университетда ҳуқуқдан дарс бергани, демакки, маорифчиларга ҳамкасб эканини писанда қилган: “Амалдорлик ҳурмати йўқ экан, ҳамкасблик имтиёзи бордир…”).
Худди шундай айблов билан ўтмишдошларининг думи тугилганига ёдига тушган Темир Ширинович аввал минг тавалло билан кўрнамак директор учун узр сўрайди, кейин бундай унсурларга қарши шафқатсиз уруш очишга ваъда беради.
Иккинчининг масъул вазирга ошиғич қўнғироқ қилганига таълимни ўпқон каби домига тортаётган иллатдан росмона ташвишлангани сабаб бўлдимикин? Ё, писанд қилишмагани, оёқ учида кўрсатишгани қаттиқ ботдимикин унга? Билмадик, билмадик...
Билганимиз, шундан кейин Халқ таълими вазирлиги тизимида коррупцияга қарши кураш очилибди. Тўғри, ҳали бунга далолат қилувчи жиддий ўзгариш сезилмади, лекин вазирликдаги танишимнинг ишонтиришича, бу сафар қаттиқ тозалаш бўлармиш.
...Фарзандингиз боғчага бориши керак. Тилла тақинчоқларга кўмилган мудира хонимнинг йўқчилик ҳақидаги чўпчакларига ишонмасангиз ҳам, у талаб қилган пулни ер тагидан бўлсаям топиб келтирасиз. Болангиз боғчани хатм қилди. Галдаги марра – мактаб! Янада чуқурроқ нафас олмасангиз бўлмайди – мактаб аталган пирхонада сизни зиёли директор эмас, еб тўймас юҳо қарши олади. Кейин... Кейин нима бўларди, жараён шу тариқа давом этаверади. Ҳаммаси эволюцион йўл билан – босқичма-босқич!
Мудир, директор, ректорлар порахўрлик бобида ҳар қандай арбобни чангидан қолдириб кетаётгандек. Шундай тангу тор аҳволда коррупцияга қарши “раискўрсин” учун эълон қилинган уруш самара берсин-да, ишқилиб...