2013 йилнинг январидан бошлаб Ўзбекистонда “фан номзоди” илмий даражасини бериш тўхтатилиб¸ унинг ўрнига фақат “фан доктори” илмий даражаси бериладиган бўлди.
24 июл куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов имзолаган янги фармон билан ана шу ўзгартиш кучга кирди.
Фармон “Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва аттестация ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” деб номланади.
Ушбу фармонда киритилаëтган янги ўзгартишлар Ўзбекистонда олий малакали илмий кадрлар тайёрлаш жараёнининг халқаро стандартларга ўтиб бориш билан изоҳланади.
Фармонда белгиланишича, келаси 2013 йилнинг бошидан бошлаб икки даражали, яъни фан номзоди ва фан доктори илмий даражалари бекор қилиниб, унинг ўрнига бир даражали “фан доктори” жорий қилинади.
Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси мутасаддиси, ушбу фармонни қуйидагича шарҳлаб берди.
- Президент фармони чиққани билан, янги тизимга тезда ўтиб қолиш қийин. Бизда бу масала бўйича 12 июлда махсус мажлис бўлиб ўтган эди ва 1 сентябргача тадқиқотчиларни, илмий ходим ва изланувчиларни ОАКмизнинг веб саҳифасига таклифларини юборишларини сўраган эдик. Ҳозирда таклифлар келиб тушмоқда. Ўша таклифлар асосида бизда лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Қарор чиққани билан, ноябр ойигача лойиҳа ишлаб чиқарамиз ва келаси 2013 йилнинг январидан янги тизимга ўтиб бошлаймиз, дейди Олий аттестация комиссияси мутасаддиси.
Мутасадди¸ янги бир даражали тизимга ўтилганидан сўнг¸ унинг ҳозирга қадар илмий даража олганларга таъсири бўлмаслигини айтади:
- Шу пайтгача кимки “фан номзоди” ёки “фан доктори” илмий даражаларини олган бўлса, улар шу ҳолатича сақланиб қолаверади. Лекин янги йилдан бошлаб ҳимоя қилаётганлар учун фақатгина “фан доктори” унвони берилади, холос.
Айни пайтда, “фан доктори” илмий даражасини олиш учун ҳозирги “фан номзодлиги” даражасини олишга нисбатан имтиҳонлар ва илмий талаблар оширилади. Янги талаблар қандай бўлишини ҳозирдан айта олмаймиз, чунки айтганимдек, лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Лекин баъзи таклифларга кўра илмий иш жараёнидаги имтиҳонлар уч тилда бўлиши кераклиги айтилса, бошқа таклифларда икки тилда бўлиши лозимлиги муҳокама қилинмоқда, дейди Олий аттестация комиссиясининг Озодлик мухбири суҳбатлашган мутасаддиси.