Лондон-2012: Тўртинчи кун ҳам Ўзбекистон учун ютуқларга бой бўлмади

Лондонда ўтаётган ХХХ Ёзги Олимпиада ўйинларининг тўртинчи куни ҳам Ўзбекистон жамоаси учун ютуқларга бой келмади.

81 кг вазн тоифасида кураш олиб бораётган дзюдочи Яҳё Имомов иккинчи босқич учрашувида жанубий кореялик Ким Же Бумга мағлуб бўлди ва мусобақадан чиқди.

Оғир атлетика мусобақаларида қатнашаётган Баҳром Мендибоев 135 килограммлик штангани уччала уринишда ҳам кўтара олмади. У ҳам беллашувдан чиқди.

Олимпиаданинг тўртинчи кунида муваффақиятга эришган ягона ўзбек спортчиси 21 ёшли боксчи Ўктамжон Раҳмонов бўлди.

64 кг вазн тоифасида беллашаётган Раҳмонов дастлабки босқичда эквадорлик Андерсен Рояс-Мина устидан 16:10 ҳисобида ғалаба қозонди.

4 август куни ўтадиган 1/16 финал босқичида Ўктамжон Раҳмонов туркиялик тенгдоши Сенер Якуп билан беллашади.

Эслатамиз, Олимпия ўйинларининг бугинги беллашувларида Ўзбекистон шаънини дзюдочи Дилшод Чориев, қиличбоз Руслан Кудаев ва теннисчи Денис Истоминлар ҳимоя қилишади.

Денис Истомин ва биринчи ракетка Рожер Федерер ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан соат 16:00 да Ўзбекистоннинг “Спорт” телеканали орқали жонли равишга эфирга узатилади.