НАТО юклари ўтаётган Тўрхам пункти қайта очилди

Покистоннинг Афғонистондаги халқаро коалиция кучларига юк етказиб берилаётган автойўлида ҳаракат қайта тикланган. Бу ҳақда Покистон расмийлари маълум қилдилар.

Исломобод вакилларига кўра, Покистон-Афғонистон чегарасидаги Тўрхам чегара пунктидан яна машиналар ўтказила бошлаган. Мазкур пункт 24 июл куни НАТО қўшинлари учун юк олиб кетаётган автокарвонга қилинган жанггарилар ҳужумидан сўнг ёпиб қўйилганди.

НАТО юклари учун Покистон транзит йўлини жорий йил июлидан қайта тиклаганди. 2011 йил ноябр ойидаги ҳужумдан кейин Исломобод транзит йўлини тўсиб қўйиб, АҚШ ҳодиса учун расман кечирим сўрамагунча, Жанубий таъминот тармоғи деб аталувчи йўлакни очмаслигини айтиб келаётган эди. Ўтган ой бошида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон НАТО ҳаво ҳужумида 24 аскарнинг ҳалок бўлгани юзасидан “самимий ҳамдардлик” билдирганидан кейин Покистон транзит йўлагини очишга розилик берганди.