Покистонда ҳукумат авиабазаси ҳужумга учради

Озодлик радиоси Покистон хизматининг хабар қилишича, Пунжоб вилояти Камра шаҳарчасидаги Минҳаб ҳарбий авиабазасига қилинган ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олган.

Толибоннинг Покистондаги қаноти матбуот вакили экани айтилаётган Аҳсануллоҳ Аҳсан Минҳас ҳаво базасига ҳужум қилган тўққиз жанггарининг барчаси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Пайшанба куни тонгда рўй берган жангда ҳукуматнинг бир аскари ҳам ҳалок бўлди.

Ҳаво кучлари эълон қилган баёнотга кўра, жанг бир неча соат давом этган ва махсус дессант ёрдамида ҳукумат кучлари базани ўз назоратига қайтариб олган.

Шунингдек айтилишича, ҳужумчилар худкуш белбоғлари, автоматлар ва гранатамётлар билан қуролланган бўлган.

Баъзи экспертлар тахминларига кўра, пойтахт Исломободдан 70 километр шимолроқда жойлашган Минҳас ҳаво базасида Покистон ядровий арсеналининг бир қисми сақланиши мумкин.

Бу авиабаза 2007 ва 2009 йилларда ҳам жанггарилар тарафидан ҳужумга учраган эди.