Норасмий хабарларга кўра¸ Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари мажмуаси раҳбари Абдулла Орипов вазифасидан бўшатилган.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Абудлла Орипов (Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов эмас - таҳр.) нинг ўз вазифасидан 22 августда четлатилгани ҳақидаги хабарни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги манбасига таянган ҳолда Узметроном Интернет газетаси ёйинлади.
Ўзбекистон махсус хизматларига яқин кўриладиган бу газета изоҳича, Абдулла Ориповнинг ишдан бўшатилиши “МТС-Ўзбекистон” қўшма корхонаси атрофидаги ғалвалар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Ахборот ва телекоммуникация департаментининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда Абдулла Ориповнинг ишдан олингани ҳақидаги хабарни рад қилмади:
- Билмадим, токи қўлимизда бу ҳақда қоғоз (фармон – Озодлик таҳририяти) бўлмас экан, бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман, дея каловланди департамент ходими.
Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Абдулла Ориповнинг ишдан олингани ҳақидаги хабар алоқа соҳасида, телевидение ва радиода ишлайдиган ходимлар орасида тарқаб бўлган:
- Абдулла Ориповнинг ишдан кетганлиги ҳақидаги хабар телерадиомпанияда ва бошқа ижтимоий тармоқларда ишлайдиган барча одамларга етиб борди, лекин бу ҳақда ҳозирча расмий фармон эълон қилинмаган. Биз гаплашган ўндан ортиқ мустақил манбалар Абдулла Ориповнинг ишдан олинганини тасдиқлашди. Бу манбаларнинг айтишларича, унинг ишдан кетиши ортидан жуда кўпчиликнинг, ҳатто Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ҳам ишдан олиниши ҳақида гаплар бўлмоқда, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Бу суҳбатдошга кўра, Абдулла Ориповнинг ишдан бўшатилиши ортида “МТС-Ўзбекистон” можаролари билан бирга бошқа молиявий сабаблар ҳам бўлиши мумкин:
- Абдулла Нигматович ишдан олинишининг ўзига хос сабаблари бор. Биринчиси, у Тошкент кланининг лидерларидан бири эди. Алишер Азизхўжаев ишдан кетганидан сўнг, тошкентликлар унинг ўрнига буни олиб келишди, деган гаплар юрарди. Шунга асосан, ҳукумат поғоналарида маҳаллийчилик ипини тортиб турадиган ҳам шу одам эди, дейишаяпти. Бундан ташқари унинг молиявий камчиликлари ҳам бор эди, дейишяпти, дейди Абдураҳмон Ташанов.
2009 йилнинг октябр ойидан Ўзбекистон Бош вазирининг Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келган Абдулла Орипов ваколатлари август ойида анча камайтирилган эди.
2012 йил августидан Орипов Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари мажмуаси раҳбари лавозимида ишлаган.
51 ёшли Абдулла Орипов Тошкент давлат Алоқа институтини тугатган, мутахассислигига кўра¸ электралоқа муҳандиси.
2002 йилда Ўзбекистон Бош вазирининг Алоқа ва информацион технологиялар масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори лавозимига тайинланган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди