БМТ Ғазодаги аҳволдан ташвишда

Ғазо минтақаси инфратузилмасини ва асосий ижтимоий хизматлар ишини яхшилаш бўйича шошилинч чоралар кўрилмайдиган бўлса, бу жой 2020 йилга бориб одамлар яшаши учун яроқсиз ҳудудга айланиб қолиши мумкин.

Бу ҳақда БМТ томонидан эълон қилинган янги ҳисоботда айтилади.

Ҳужжатда Ғазо минтақаси аҳолиси кўпайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда бу ерда соғлиқни сақлаш, таълим тизимларини ривожлантириш, санитар хизматларни дастаклаш, сув таъминоти объектларини таъмирлаш зарурлиги таъкидланади.

Ҳисобот муаллифлари ҳисоб-китобига кўра, 2020 йилга бориб у ерда ҳозирдагидай 1 миллион 600 минг эмас, 2 миллион 100 минг одам яшайди.

2007 йили Фаластинда ҳокимият тепасига ХАМАС ташкилоти келганидан кейин Исроил Ғазо минтақаси қамалини кучайтирган. Исроил расмийлари исломий жанггариларнинг қурол билан таъминланишига йўл қўймаслик учун бу ерда кескин чоралар қўлланилиши лозимлигини таъкидлаб келадилар.