Бектемир туманида 16 киши устидан суд бошланди

Тошкент шаҳар Бектемир тумани Жиноят ишлар бўйича суди 5 сентябр куни диний экстремизмда айбланаётган тошкентлик 16 киши устидан суд жараёнини бошлади.
Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-моддаси “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” ҳамда 216-моддаси “Ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш”да айбланмоқда.

Тошкент шаҳри Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида бошланган маҳкамани мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов кузатмоқда.

Инсон ҳуқуқи фаолининг Озодликка айтишича, Тошкентнинг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида яшаган, ёши 25-30 оралиғида бўлган 16 киши жорий йилнинг май-июнь ойларида ҳибсга олинган:

- Мен суд жараёнини ўзим кузатяпман. Бугун суд бошланди. Бордик. Суд ёпиқ тарзда ўтмоқда. Суд залига уларнинг қариндошлари ҳам киритилмаган. Судланувчиларнинг яқинлари билан гаплашдим. Уларнинг айтишларича, бу йигитлар аввалига жуда кичик айбловлар, майда безорилик, милиция ходимларига бўйсунмаслик айблари билан ҳибсга олиниб, 15 суткага қамалган. Кейин буларга тўқилган диний айбловлар тақалган,- дейди Суръат Икромов.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг тергов изоляторидаги сўроқ давомида судланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини уларнинг яқинлари иддао қилмоқда:

- Буларнинг бирортасида ўзлари ёки яқинлари ёллаган адвокатлар йўқ. Ҳамма адвокатлар давлат томонидан қўйилган. Айблов хулосаси ҳам бирорта судланувчига берилмаган. Судланувчиларнинг яқинлари нима бўлаётганидан ҳайрон. Улар терговчи билан учрашиш ёки адвокатлардан холис информация олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган,- дейди Суръат Икромов.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи берган маълумотга кўра, 2012 йилнинг январ ойидан Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухоро, Фарғона шаҳри ҳамда Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида милиция ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бир қанча рейдлар ўтказилиб, жуда кўп ёшлар “диний экстремизмда” айбланиб ҳибсга олинган.

Ташаббус гуруҳи маълумотларига кўра, бу йил диний айбловлар билан ғайриқонуний ҳибс қилинган ва қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар сони 264 нафарни ташкил қилади.

Москвадаги “Мемориал” ташкилоти маълумотига кўра, айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида беш мингдан ортиқ диний ва сиёсий айблов билан қамалган маҳкумлар жазо муддатини ўтамоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бектемир туманида 16 киши устидан суд бошланди