Мишел Обама эрига ишонч билдирди

Мишел Обама қурултойда нутқ сўзламоқда.

АҚШ Демократик партиясининг сешанба куни иш бошлаган миллий қурултойида яна тўрт йилга Оқ уйда қолишга чоғланаëтган Барак Обама рафиқаси эҳтиросли нутқ сўзлади. Америкада республикачи ва демократлар ўртасидаги анъанавий сайловолди кураши кучайган бир кезда қилган бу нутқида Мишел Обама сиëсий тавофутларни четга қўйиб¸ америкаликларга оддий аëл¸ оддий она ва бошидан кўп қийинчиликларни кечирган одамнинг оддий рафиқаси бўлиб мурожаат қилди.
АҚШ матбуоти чоп этиб келаëтган ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ Мишел Обама Америка яқин тарихида ўтган президент хотинлари орасида энг машҳуридир.

Барак Обама президент сифатида иш бошлаганидан бери унинг жамоатчилик орасидаги эътибори бирда тушиб¸ бирда кўтарилиб келаëтган бўлса¸ Мишел Обама обрўси тўрт йилдан бери ўзгаришсиз қолмоқда ва 70 фоизга яқин америкаликлар биринчи хонимни ëқтиришлари ва ҳурмат қилишларини билдириб келмоқда.

Мишел Обаманинг сешанба куни кечқурун демократлар миллий қурултойида қилган чиқиши¸ унинг бу эътиборини янада мустаҳкамлади.

Президент Обама қизлари билан бирга Мишел Обаманинг қурултойдаги нутқини телевизордан кузатмоқда.

Нафақат демократ делегатлар¸ балки партиявий эътиқодидан қатъий назар бутун Америка халқига қилган мурожаатида Мишел Обама камбағал оиладан чиққан ўзи ва эрининг қийинчиликларга тўла ҳаëтини ҳикоя қилиб берди.

- Барак тирикчилик учун курашаëтган оила нималигини билади. У ўзидан кўра болалари ва набираларининг яхшироқ яшашини исташ нималигини билади. Барак Америка орзуси нималигини ўзи бу орзуга эришгани учун ҳам билади. Ва у бугун бу мамлакатда яшаëтганларнинг ҳар бири учун¸ улар кимлиги¸ қаерданлиги¸ қандай кўринишдалиги ва кимни севишидан қатъий назар¸ айни имкон берилишини истайди¸ деди Мишел Обама ўз чиқишида.

- Барак учун муваффақият қанча пул топишда эмас. Муваффақият бошқалар ҳаëтини қандай ўзгартиришдадир¸ дер экан Мишел Обама президентликни бошлаганидан бери оддий¸ хусусан ночор америкаликлар ҳаëтини яхши томонга ўзгартириш Барак Обаманинг кундалик мужодаласига айланганини таъкидлади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мишел Обама эрига ишонч билдирди



У ўтирса ҳам турса ҳам¸ ҳатто биз уни озгина кўрадиган кечки емак устида ҳам ишсиз ëки уйсиз қолганлар¸ қарзини тўлай олмаëтган оилалар¸ хусусан талабалар¸ тиббий суғуртасиз болалар ҳақида ўйлайди¸ гапиради ва уларга ҳам Америка орзусидан татиб кўриш имкони беришни истайди¸ деган мазмунда гапирди Мишел Обама.

- Мен эримни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ¸ 23 йил аввал илк учрашувимиздагиданда қаттиқроқ севаман. Негалигини ҳам айтаман сизга. Барак ўзининг қаердан чиққанини¸ ўз ҳаëт йўлини қаерда ва қандай бошлаганини унутмайдиган одам. Барак бир нарса қиламан дедими¸ қанчалик қийин бўлмасин¸айниқса қийин бўлса¸ бу ишни қилишига ишонамиз. Мен ана шу ишончни севаман¸ деди кўзда ëш билан гапирган Мишел Обама.

Сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ ўтган ҳафта Республикачилар миллий қурултойида ўз партияси аъзолари томонидан АҚШ президентлигига расман номзод этиб кўрсатилган Мит Ромнининг сайловолди рейтинги Барак Обаманикига қарийб тенглашиб қолган.

Сайловолди кураши кескин тус олиб¸ ҳал қилувчи босқичга кирган бир пайтда Мишел Обама каби америкаликлар орасида эътиборли аëлнинг ўз эрига ишонч ва муҳаббатга тўла нутқи Барак Обама рейтинги кўтарилишига туртки бўлиши мумкин.

АҚШ сайловчиларининг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил қилиши инобатга олинса¸ Мишел Обаманинг ирқи¸ дини¸сиëсий қараши ва иқтисодий мақомидан қатъий назар¸ аëлларга аëллар тилида гапиргани¸ кузатувчиларга кўра¸ Барак Обамага овоз берувчилар нисбатини оширишга хизмат қилади.