Жанўзеннинг собиқ ҳокими қамалди

Қозоғистоннинг Жанўзен шаҳри мэри хизмат мавқеини суйистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Давлат айбловчиларига кўра, собиқ мэр Жалғас Бабаханов 1999-2009 йиллар оралиғида нефт ширкатларидан катта миқдордаги пулни ўзлаштириб олган.

Собиқ мэр Жанўзенда ўтган йили содир бўлган тартибсизликлардан сўнг қамоққа олинди. Ўшанда нефтчиларнинг норозилик намойиши полиция билан тўқнашувларга айланиб, 16 киши ҳалок бўлган эди. Бабаханов бу даврда шаҳар мэри бўмаса-да, терговчилар тартибсизликка сабаб бўлган омилларни ўрганиш ортидан собиқ мэрга нисбатан жиноят иши очган.

Жорий йил февралигача Жанўзен шаҳар мэри бўлган Ўрақ Сарбўқўев ҳам пора олганликда ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларида фойдаланганликда айбланиб қамоққа олинган.