Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Тошкент сўровига биноан қўлга олинган Садирбек Умировнинг Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини тақиқлади. Европа Кенгаши аъзоси сифатида Россия бу қарорни ҳурмат қилишга бурчлидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди расмий сайтида 18 сентябр куни чоп этилган суд қарорига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан экстремизмда айбланиб халқаро қидирувга берилиб¸ Россияда ҳибс этилган Садирбек Умиров Ўзбекистонга бериб юборилмайди.
Хабарномада айтилишича, куч ишлатар идоралари Умировни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3-қисми “б” банди (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-2 моддаси 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосида халқаро қидирувга берган.
Страсбург судида Садирбек Умиров иши юзасидан ҳимоячилик қилган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина Озодлик билан суҳбатда буни “одатдаги ишлардан бири”, деб атади.
- Умиров иши Ўзбекистон билан боғлиқ оддий стандарт экстрадиция иши. Мен Европа суди ўз қарорини ўзгартирмасдан уни Ўзбекистонга бериб юбормасликни тан олганидан жуда мамнунман. Бошқа томондан, бундан жуда хурсанд бўлиш ҳам керак эмас, деб ўйлайман, чунки Страсбург қарори чиқарилганидан кейин ҳам қочқинларнинг бериб юборилаётгани ҳоллари ҳозиргача учраб турибди, дейди Светлана Ганнушкина.
1981 йилда туғилган Садирбек Умиров Навоий вилояти Кармана туманидан. Федерал қидирув сайтида у “Ички ишлар вазирлиги органлари терговидан яширингани” учун 2009 йилнинг декабр ойидан буён қидирувда эканлиги кўрсатилган.
Айрим оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотга кўра, гўё Садирбек “Ислом жанггарилари гуруҳи” экстремистик ташкилотига аъзолик қилган. Ўзбекистонда таъқибга учраганидан кейин у 2009 йилда Россияга кўчиб ўтган ва Москва вилоятида яшаб юрган.
Умиров 2010 йилнинг май оийда Подмосковъенинг Красногорск шаҳрида Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган ва унга нисбатан экстрадиция текшируви бошланган.
Қарийб 1,5 йил қамоқда ўтирган ўзбек муҳожири 2011 йилнинг ноябрида Россия суди қарори бўйича тилхат асосида озодликка чиқарилган.
Страсбург суди Садирбек Умиров Ўзбекистонга бериб юборилса қийноқларга солиниши, адолатсиз тергов ва судга тортилиши мумкинлигини ҳисобга олиб, унинг экстрадициясини тақиқлади. Суд даъвогар аризасини маъқуллаб, унинг Ўзбекистонга экстрадицияси Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 3-моддасининг бузилишига олиб келишини алоҳида таъкидлади.
Умиров, шунингдек, Страсбург судига Россияда 2010 йилнинг май ойидан 2011 йилнинг ноябригача сақланганини ноқонуний деб топиш юзасидан шикоят қилган. Бироқ суд унинг бу арзини рад этиб, Россия ҳукумати томонидан Садирбек Умировга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар қилинмагани тўғрисида қарор чиқарди.
“Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина Садирбек Умиров иши бошқа шу каби экстрадиция ишлари бундан кейин ҳам қочқинлар фойдасига ҳал этилишига умид қилишини айтади.
- Биз Россия ҳукуматининг Умировга паноҳ беришига ва у бу мамлакатда ўз оиласи билан тинч-тотув яшашига умид қиламиз. Ахир унинг оиласи усиз узоқ муддат кун кечиришга мажбур бўлди. Унинг озод этилишига ажойиб рафиқаси ҳам жуда ҳаракат қилди. Хато қилмасам, Умировнинг 3 нафар фарзанди бор. Шунингдек, биз Умиров иши асосида Россия Бош прокуратураси маҳбусларга қийноқлар қўллашни одатга киритиб олган мамлакатларга қочқинларни бериб юбориш амалиётини тўхтатишига ишониб қоламиз, дейди Озодликка ҳуқуқ фаоли Светлана Ганнушкина.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди