19 сетябр куни Москванинг Митино тумани аҳолиси бу ҳудудда масжид қурилишига қарши оммавий норозилик намойишига чиқди. Россия муфтияти эса Москванинг ҳар бир туманида биттадан масжид қуришни режалаштирганини гапирмоқда.
Митино аҳолиси масжидга қарши
Чоршанба куни кечки пайт Россия пойтахти Митино туманининг бир ярим мингдан ортиқ фуқароси “Митинодаги масжидга йўқ деймиз!” шиори остида норозилик акциясини уюштирди.Соат 19:30 ларда бошланган митингда ташкилотчилар масжид қурилишига қарши мурожаатнома остига имзолар йиғди.
http://www.youtube.com/embed/WsTFDdL0giU?feature=player_detailpage
Норозилик намойиши иштирокчилари билан учрашган Митино туман депутатларидан бири Владимир Демидко Озодлик билан суҳбатда фуқаролар масжид қурилиши ортидан Митинода транспорт, эпидемиология муаммолари юзага келиши ва криминал вазият издан чиқишидан хавотир билдирганини айтади.
- Бу ерда истиқомат қилувчилар масжид қурилиши режаларидан норози экани ва нима учун уларни бундан хабардор қилишмагани, уларнинг фикрларини биров тингламаганидан норози эканликларини билдиришди. Айтиш жойизки, ҳақиқатан бу янгилик 2 ҳафта олдин пайдо бўлганига қарамасдан маҳаллий ҳукумат томонидан бирор расмий тушунтириш берилмаган ва натижада турли миш-мишлар тарқала бошлади. Кеча биз депутатлар ва ҳокимият вакиллари одамлар билан учрашиб вазиятни бироз ойдинлаштирдик, тушунтириш ишларини олиб бордик, дейди депутат Владимир Демидко.
Намойишчиларни йиғилишларини бошқариб бораётган “Вконтакте” ижтимоий тармоғидаги “Митинодаги масжидга қарши” деб номланган ижтимоий гуруҳда 19 сентябрдаги митинг натижалари юзасидан “Ҳурматли митиноликлар! Кечаги йиғилишимиз масжид қурилиши масштабигагина таъсир этган, кўринади. Эндиликда у “Мокванинг энг кичик масжиди” деган ном олибди. Агарда префектура ўз қарорини ўзгартирмаса, биз яна йиғилишимизга тўғри келади”, деб хулоса чиқарилди.
Митингда сўзга чиққанлардан бири қурилиш фундаментига сўйилган чўчқанинг калласини ташлаб қўйиш ва бу жойни чўчқанинг қонини оқизиб чиқиш каби кескинроқ чораларни қўллашни таклиф этди.
Митино тумани депутати Владимир Демидко ҳозирча бу масала юзасидан унга шаҳарнинг бирор мусулмон жамоаси вакили мурожаат қилмаганини қўшимча қилди.
“Агарда Митинода мусулмонлар жамоаси масжид қурилишини ёқлаб худди шундай хат билан мурожаат қилишса, уларнинг ҳам фикрлари инобатга олиниши сўзсиз”, дея давом этади депутат.
- Агарда Митинода кўплаб мусулмонлар яшаётган бўлса, менимча улар ўз фикрларини билдиришга ҳақли. Улар Россия фуқаролари сифатида ўз аргументларини келтириб мурожаат қилишлари мумкин. Лекин ҳамма гап шундаки Митино ҳокимиятига бу қурилиш лойиҳаси юзасидан бирор ҳужжат келиб тушмаган. Яъни бу шунчаки режа, қурилиш бошлангани ҳам йўқ, дейди митинг иштирокчилари билан суҳбатлашган Митино туман депутатлар Кенгаши аъзоси Владимир Демидко Озодликка.
"Ҳар бир туманга - биттадан масжид!"
Маълум бўлишича, Москва шаҳар Қурилиш комиссияси Россия Мусулмонлар ташкилотлари бирлашган Ислом марказига Баришиха кўчасидаги 0,35 гектар ерга масжид ва гуманитар марказ қурилишига рухсат берган. Лекин иморатнинг баландлиги 35 метр ёки 13 қаватли бинодан баланд бўлмаслиги алоҳида таъкидланган.Россия Муфтийлар кенгаши раиси муовини Рушан ҳазрат Аббосов бу масала юзасидан ўз фикрини билдириб, Москвада мавжуд 4 масжид пойтахтда доимий яшаётган 2 миллиондан зиёд мусулмонлар эҳтиёжини қондира олмаётганини айтади.
- Биз мусулмонлар ҳам ўзимизга пойтахтимизда камида 10 та масжид қурилишини режалаштириб қўйдик. Режамизга мувофиқ масжидларга эҳтиёж ҳар бир округда мавжуд. Бу масала юзасидан Москва ҳукумати билан ҳозирда келишув мавжуд ва бизга шаҳарнинг турли жойларидан майдонлар таклиф қилинди: Митинода, Марино ва Люблинода жойлашган Жануби-Шарқий округда ҳамда бошқа туман ва округларда, дейди Россия Муфтийлар кенгаши раиси муовини Рушан ҳазрат Аббосов.
Митинодаги вазият Россиянинг турли миллатчи-тақирбош тўдалари диққатини ҳам ўзига тортмоқда. “Русские” ҳаракати раҳбари Александр Белов-Поткин берган интервюларидан бирида Митинодаги вазият устидан назорат қилиб бораётганини таъкидлади.
Рухсат этилмаган намойишга зудлик билан келган юзлаб полиция ходимлари кечки соат 21:00 ларда митиноликларни тарқашга чақирди. Лекин йиғилганлар орасида очиқдан-очиқ миллатчилик, фашистик чақириқлар ҳитоб қилган тўрт нафар шахс ҳибсга олинди.
Депутат Демидко бу шахслар Митинодан эмаслиги, аллақандай миллатчилар ташкилотидан ўз мақсадларида фойдаланишга уринганликларини маълум қилди.
2010 йилнинг 11 сентябрида Москванинг жануби-шарқида жойлашган “Текстилшчики” туманида масжид қуриш режаларига маҳаллий аҳоли қаршилик кўрсатгани ва бу қурилиш бошланмасдан тўхтаб қолгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.
Ўтган йилнинг 28 ноябр куни Москвада шаҳарнинг Текстилшчики мавзесида масжид қурилишига қарши маҳаллий жамоатчилик гуруҳлари вакилларининг автомобилларда юриши ҳам ўтказилган эди.