Россия Бош вазири ўринбосари Душанбеда ҳарбий база масаласини муҳокама қилмоқда

Россия Бош вазири ўринбосари Игорь Шувалов.

Россия Бош вазири ўринбосари Игорь Шувалов Тожикистон расмийлари билан музокаралар учун Душанбега келди. Кун тартибидан Тожикистонда Россия ҳарбий базасини 2014 йилдан кейин қолдириш масаласи ҳам ўрин олгани айтилмоқда. Амалдаги келишувга кўра, Россиянинг 201-мото ўқчи дивизиясининг Тожикистондаги ҳозирлиги муддати 2014 йилда тугаши керак.

Шуваловдан аввал ўтган ҳафта Тожикистонга Россия Мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов келган эди.

Тожикистон ва Россия базани қолдириш муддатини узайтириш бўйича анчадан бери музокара қилиб келади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров апрел ойида қилган чиқишида, Тожикистонда Россия назоратидаги учта гарнизоннинг ижара муддати 49 йилга узайтирилиши лозим, деган эди.

20 сентябр куни Бишкекдаги музокараларда Россия Президенти Владимир Путин ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Россиянинг Кант ҳаво базаси ижарасини узайтириш бўйича келишиб олди.

Россиянинг 201- мото ўқчи дивизияси сафида етти ярим мингга яқин аскар бор ва улар Душанбе яқинида ҳамда мамлакат жанубидаги Кўлоб ва Қўрғон Тепа шаҳарларида жойлашган учта ҳарбий базадан фойдаланади.