14 сентябр кунги Дурова кўчасидаги полиция ва шаҳарнинг Жоме масжиди ёнида жойлашган савдогарлар орасидаги муштлашувидан кейин Москва полицияси ён-атрофда назоратни кучайтирди.
21 сентябр жума куни Озодлик почтасига келиб тушган СМС хабарлардан бирида “Ассалому алайкум. Бугун жумада Москвадаги катта масжиднинг атрофида ўнлаб автобус ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари деярли ҳаммани тўхтатиб ҳужжат сўрамоқда. Ҳужжати бўлмаганларни қаёққадир олиб кетаяпти, билмаймиз”, деган хабар келиб тушди.
Бу хабарни текшириш мақсадида Москва шаҳар Тинчлик Проспектидаги Жомеъ масжидига йўл олдик. Проспект Мира метро бекати ва қурилаётган масжид атрофида олинган фото ва видеотасвирларда ҳақиқатан ўндан ортиқ маҳбус ташишга мўлжалланган полиция машиналари ва бошқа махсус техника турганига гувоҳ бўлдик.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Жомеъ масжид қўриқчиларидан бири полициянинг назоратни бундай кучайтирганига ўтган ҳафта полиция ходимлари ва савдогарлар ўртасидаги муштлашувни сабаб қилиб кўрсатди.
Полиция ходимлари миграция қонунчилигини бузган шахсларгина “автозак”ларда полиция бўлимларига шахси аниқлангунга қадар олиб кетилаётганини билдиришди.
Кузатувчилар Москва Жоме масжиди атрофида полиция назоратининг кучайтирилганини пойтахт марказида мигрантлар сонини камайтиришга қаратилган ҳокимият сиёсати билан боғламоқда.
Айни пайтда, Москва жанубида 19 сентябр куни янги масжид ва Ислом маркази қурилишига қарши бўлиб ўтган маҳаллий аҳоли митингидан кейин шаҳар ҳокимияти Митинода масжид қурилмаслигини эълон қилди.
Москва ҳукуматини ксенофобияда айблаётган ҳуқуқ ҳимоячилари эндиликда Москванинг бирор туманида янги масжид қурилишини шубҳа остига олмоқда.
Озодлик аллақачон Москванинг икки тумани – Текстилшчики ва Митинода масжидлар қурилиши бекор қилингани тўғрисида хабар берган эди.